Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
Пойтахтимиздаги "Халқлар дўстлиги" саройига туташ муаззам майдонда шу шиор остида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган ушбу маърифий акцияга ижодкор зиёлилар, маънавият тарғиботчилари, муаллимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Гарчи ҳаво совуқ бўлишига қарамай майдонга анчагина одам тўпланган. Кимдир дилдан суҳбат қурмоқда, ана бир гуруҳ ҳарбий курсантлар байроқлар фонида шодон суратга тушишмоқда. Улкан мониторда юртимиздаги янгиланиш одимлари акс этган лавҳалар намойиш қилиняпти.
Маърифий тадбир бошланишига чорлов мусиқаси янграйди. Мадҳиямиз янграйди. Мадҳиямизни майдонга тўпланган барча қўли кўксида баралла ижро этади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, спортнинг таэквонда тури бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин мамлакатимиздаги жадал ислоҳотлар маънавий-маърифий жабҳаларда ҳам шиддатли тарзда кечаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, мадҳиямиз Ватанимиз мустақиллиги, озодлиги, ҳурриятнинг ўзига хос шаҳодатномасидир.Унда узоқ йиллар эрксизликда яшаган халқимизнинг покиза орзу-интилишлари, умидлари, мақсадлари мужассамдир. Мадҳиямиз қабул қилинган кун эса ўзи тақдирини шу азиз Ватан билан боғлаган ҳар бир юртдошимизнинг байрамидир.
Ватанга муҳаббат унга бўлган садоқат билан белгиланади. Бугун биз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйдик, маънавий юксалиш сари дадил одимламоқдамиз. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги интилишлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда. Мадҳиямиз мамлакатни озодлик, эрк йўлида тутиб турувчи руҳий қудрат манбаидир. Уни шодон, қувончли дамларда ҳам, синовли кунларда ҳам тик туриб тинглайдилар.Баъзан ижтимоий тармоқларда мадҳиямизга нисбатан беҳурмат муносабатларнинг гувоҳи бўлишдек таассуфли ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Инсон ҳуқуқларини пеш этаётган "билимдонлар" жаҳоннинг энг ривожланган давлатларида ҳам давлат мадҳиясига ҳурмат ҳиссини шакллантириш устувор эканидан бехабар чоғи. Ҳолбуки, Япония, АҚШ, Австралия каби давлатларда мадҳия воситасида ватанпарварлик туйғусини мустаҳкам қарор топтиришга жиддий эътибор қаратилади.
Азалдан буюк тарих, буюк давлатчилик асосларини яратган аждодларнинг ворисларимиз. Мадҳияга ҳурмат Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари боболаримизга, оқ ювиб, оқ тараган она халқимизга эҳтиром кўрсатиш чин фарзандлик бурчимиз. Зеро, у Ўзбекистондек қутлуғ диёр жаҳонда борлигининг яна бир тасдиғи. Унинг қайғуси билан яшаб , шодлигига шерик эканимизнинг шаҳодатидир.
–- Мадҳиямизнинг қадри Ватандан олисларда янада кўпроқ билинади, – деди карате бўйича уч карра Осиё совриндори, чемпион қиз Барно Мирзаева.– Халқаро мусобақаларда у бизга доим куч-қувват, руҳий далда беради. Мадҳиямизни баралла куйлашни жуда ёқтираман.
– Мадҳиямиз бизга чексиз фахр, ифтихор бағишлайди, – деди Миллий гвардия таркибидаги Темурбеклар мактаби курсанти Жавоҳир Раҳимов. – Ватанимизга, жасур аждодларимизга, халқимизга муносиб бўлиш, уни кўз қорачиғидек авайлаш бурчимиздир.
Тантанали тадбирда ҳарбий ансамбллар, бадиий жамоалар, санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг Ватан, истиқлол, ҳурриятни, бунёдкор халқимизни тараннум этувчи жўшқин қўшиқлари янгради. Маърифий тадбир ғоят кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди. Бу каби маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА