Улардан халқимизнинг умиди катта
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков вазирлик тасарруфидаги Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ташкил этилган халқаро танловлар ғолибларини тақдирлаш маросимида қатнашди.
Мамлакатимизда болаларни мусиқа ва санъатга жалб қилиш, иқтидорларини юзага чиқариш учун барча шароитларни яратиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун салмоқли натижалар бераётганини таъкидлади. Айни пайтда шундай истеъдодли ёшлардан халқимизнинг умиди катта эканини мамнунлик билан қайд этди.
Жорий йилнинг 16-21 май кунлари Италиянинг Барлетта шаҳрида бўлиб ўтган “Citta di Barletta” номли 33-халқаро ёш ижрочилар танловида Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабидан 4 нафар ўқувчи муносиб иштирок этди.
Мактабнинг 8-синф ўқувчиси Саидшоҳ Ғуломов Гран-при билан мукофотланди ҳамда танловнинг ёпилиш маросимига бағишланган Гала-концертда қатнашди.
Шу мактабнинг 2-синф ўқувчиси Севинч Aзимова 1-ўринни, 10-синф ўқувчиси Мухлиса Собитжонова 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, Мухлиса Собитжонова таниқли бастакор Дилором Омонуллаеванинг “Aмир Темур тушлари” асарини юксак маҳорат билан ижро этгани учун махсус мукофот билан тақдирланди ҳамда танловнинг ёпилиш маросимида Гала-концертда иштирок этди. 11-синф ўқувчиси Алиса Саляхова эса 2-ўринга муносиб топилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 16-23 май кунлари Боку шаҳрида ўтказилган ХIII Халқаро муғом (мақом) фестивалида ҳам вакилларимиз муносиб иштирок этди.
Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси Умаржон Aкмалов 1-ўринга сазовор бўлди. Наманган вилоятининг 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Каримжонова ҳамда Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси Сардор Нарзуллаев 2-ўринни, Aбдурауф Фитрат номидаги Бухоро мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Оғабек Aхтамов фахрли 3-ўринни эгаллади.
Мусиқа мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вазир О.Назарбеков иқтидорли ёш мусиқачиларни эришган муваффақиятлари билан қутлаб, уларга келгусида улкан зафарлар тилади. Устозларга миннатдорлик билдирди.
Тадбирда ғолиб ва совриндорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири