Улар ҳали ҳам пахта тера олишини исботлашди: "Ҳорманг, теримчилар!"
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Республика бўлими томонидан ёши улуғларни маънан қўллаб-қувватлаш борасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, айни мавсумда юртимизнинг турли ҳудудларида меҳнаткаш аҳолимиз пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олишга бел боғлаган.
Мана шундай жараён шукуҳини хотираларида яна бир бор жонлантириш, ёшликни эслаш мақсадида Республика "Нуроний" жамғармаси ташаббуси билан бир гуруҳ, нуронийлар Чиноз туманидаги пахта далаларига "Ҳорманг теримчилар", дея чиқишди.
Дарҳақиқат, қалби эзгуликка ундовчи, ҳаёт лаззати меҳнатда эканини ўз умрида топган фахрийлар оппоқ далаларга фақатгина завқ билан боқади, десак янглишар эканмиз. Улар шавқ билан теримчиларга қўшилиб пахта теришга тушишди. Терим жараёни уларни ёшлик хотираларига етаклади.
Жўшқин нуронийлар орасида ижодкор ва хонандалар борлиги теримчи опа-сингилларни бир жойга тўплаб, маданий ҳордиққа, самимий ҳазил-мутойибаларга етаклади. Халқимиз ардоғидаги шоира Зулфия Мўминованинг "Аёлга бахт беринг" номли ва бошқа кўплаб шеърлари, куй-қўшиқлар айнан меҳнаткашлар даврасида янгради.
"192 гектар еримизнинг 96 гектарига пахта экдик. Насиб этса, бундай маданий ҳордиқдан кейин теримчиларим кечагидан ҳам кўпроқ натижага эришамиз, дея мамнун бўлишяпти", дея таъкидлайди "Ўринбой ҳожи" фермер хўжалиги раҳбари Абдуғаффор Акрамов.
Тадбир давомида теримда яхши натижаларни қўлга киритаётган бир гуруҳ теримчиларга "Нуроний" жамғармаси совғалари улашилди.
Далада ош дамланиб, нуронийлардан барокотли дастурхонда дуолар олинди.









Абдулазиз РУСТАМОВ,
Нишон АБДУВОИТОВ (сурат), ЎзА