Улар энди маҳаллаларда кашф қилинади...
Президентимизнинг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилинган қарори ҳақида онамга ҳам фахрланиб ўқиб бердим. Улар эса «О, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...», дея ич-ичидан ҳавас қилди.
Тўғрида, Президентимизнинг ёшларга оид қатъий сиёсати туфайли имконият эшиклари кенг очилмоқда. Ўз фаолиятимдан олиб қарайдиган бўлсам, сиёсий соҳа раҳбариятининг ёш вакиласи сифатида ана шундай имкониятлардан кенг фойдаланмоқдаман.
Мен каби бошқа тенгдошларим ҳам юксалиш йўлида илдам бормоқда. Мен сўнги беш йил ичида ёшларга оид ислоҳотлар самараси ўлароқ олий таълимда ўқиш имкониятига эга бўлдим ва сиёсий партия тизимидаги раҳбар аёлга айландим.
Доим Ангела Меркел, Тереза Мей, Кристин Лагард каби таниқли сиёсатчи аёлларга ҳавас билан қараганман. Бугун улар қаторида бўлиш учун ишонч билан қадам босиш имконияти туғилди.
Президентимизнинг ушбу қарори туфайли мана энди маҳаллалар ҳақиқий институтга айланади. Маҳалладан қанча истеъдодларни кашф қила олишига қараб ёшлар етакчиларига унвонлар, рағбатлар, юқори лавозимлар бериб борилади.
Ана энди маҳаллаларда санъат ғунчалари, чемпионлар, шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар етишиб чиқади. Эндиликда ёшлар ўз истеъдодларини намойиш этиш учун турли ташкилотларга бориб юриши шарт эмас, улар энди маҳаллаларда кашф қилинади.
Маҳалладаги ёшларнинг қизиқишларига қараб турли тўгараклар ташкил этилади. Улар ёш тоифаларига ажратилиб тажрибали мутахассисларнинг маҳаллаларда учрашувлари, тўгарак машғулотлари ўтказиб борилади. Бу дегани ёшлар ўз уйида туриб ҳам истеъдод ва ижодларини дунёга таратиш имкониятига эга бўладилар.
Президентимизнинг узоқни кўра билгани натижасида қабул қилинган ушбу қарор ижроси таъминланар экан ҳамма раҳбарларнинг кўзи маҳаллада бўлади. Энг қуйига берилган эътибор бу пойдеворга қилинган эътибордир. Пойдевор мустаҳкам бўлар экан, юқорига қараб мустаҳкам бўй чўзиб бораверамиз.
Энг аҳамиятлиси маҳаллалардаги нафақада бўлган буви ва боболаримиз насиҳатларини, ўгитларини ўргатадиган кенгашларнинг фаолият олиб бориши ёшлар маънавиятининг асл илдизи бўлиб хизмат қилади. Азалдан халқимизда бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она, деган нақл бежиз айтилмаган.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ҳам ёшлар муаммоларини чуқур ўрганиб боришлари, хорижий ва миллий тажрибаларимизни ҳисобга олиб ғоявий таъсирчан «Ёшлар қанотлари»га эга бўлишлари лозим.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги олий ўқув юртларида бакалавр ва магистр даражасидаги ёш сиёсатчи ва бошқарувчилар тайёрланадиган факультетлар мавжудлигини ҳисобга олиб, биз ҳам шу каби лойиҳаларга бош қўшмоғимиз керак. Менинг назаримда, сиёсий партиялар ана шундай сиёсий характердаги, эртага ҳокимлар, депутатлар тайёрлайдиган тўгараклар ташкил этиш ташаббуси билан чиқишлари керак!
Мен ёш сиёсатчи, сиёсий партия етакчиси сифатида ўз фаолиятимни тубдан ислоҳ қилишга киришдим. Бу қарордан мухтасар англаганим шу бўлдики, бугун раҳбарларимиз, етакчиларимиз ўз иш услуби ва етакчилик қобилиятини замон талабларига мослаштиришни кечиктирмаслиги керак.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
«Миллий тикланиш» демократик партияси
Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари