Украина зарбаси оқибатида Қрим ярим ороли бутунлай чироқсиз қолди
Украина Қуролли кучлари томонидан берилган ҳаво зарбасидан сўнг Қрим ярим оролида электр энергияси оммавий узилиши юз берди.
“Интерфакс” агентлиги “Қримэнерго” ширкатига таяниб маълум қилишича, ҳужум оқибатида юқори кучланишли тармоқда йирик технологик носозлик юзага келган. Мазкур авария сабаб, ярим оролнинг деярли барча шаҳар ва туманларидаги истеъмолчилар вақтинча токдан узилган.
Ҳозир мутахассислар тизимни қайта тиклаш устида иш олиб боряпти. Аввалроқ Севастополь шаҳрида ҳам чироқ ўчгани хабар қилинган эди. Маҳаллий маъмурият тушунтиришича, тунги ҳужум пайти шаҳар ташқарисидаги энергетика инфратузилмасига шикаст етган. Тармоқда кучланиш йўқлиги боис, эрталаб троллейбус ҳаракати бутунлай тўхтаган.
Сўнгги маълумотга кўра, расмийлар аксар турар-жой биноларида электр таъминотини тиклашга муваффақ бўлган. Қолган ҳудудлар ҳам босқичма-босқич захира тармоғига уланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА