Украина қурол бозорига чиқмоқда
Низо бошланганидан бери биринчи марта Киев маҳаллий ҳарбий маҳсулотларни хорижга сотиш учун расмий ва шаффоф механизмни ишга туширди.
Энди ҳамкор давлатлар украин қуроли ва технологияларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчидан харид қилиш имкониятига эга бўлади. Бу қарор мамлакат мудофаа саноатини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Мудофаа вазири Михаил Федоров таъкидлашича, экспортдан кўзланган асосий мақсад халқаро сармоя жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятини кенгайтиришдан иборат. Шунингдек, мамлакат армиясининг эҳтиёжи биринчи ўринда қолади. Агар муайян қурол-яроғ турига ички талаб юқори бўлса, уни хорижга сотишга рухсат берилмаслиги мумкин.
Сўнгги йилларда Украина дронга қарши кураш технологияси бўйича катта тажриба тўплади. Президент Владимир Зеленский маълум қилишича, украин мутахассислари Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан узоқ муддатли ҳамкорлик келишувлари имзоланган. Ҳозирда Уммон, Қувайт ва Баҳрайн билан ҳам музокара давом этяпти.
Ҳисоб-китобга кўра, мамлакатда 800 га яқин мудофаа корхонаси фаолият юритади. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулот ҳажми айрим йўналишда ички эҳтиёждан ҳам ошиб кетган. Шу боис маҳаллий компаниялар бир неча йилдан бери ташқи бозорга чиқиш ҳуқуқини талаб қилиб келаётган эди.
Бугун Украина йилига 4 миллиондан ортиқ дрон ишлаб чиқармоқда. Етарли молиялаштириш таъминланса, бу кўрсаткични икки баробарга ошириш имкони мавжуд. Шу тариқа низо шароитида шаклланган ҳарбий технология энди нафақат фронтда, балки халқаро қурол бозорида ҳам Киевнинг муҳим иқтисодий ва сиёсий ресурсига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА