Уханда метро ҳаракати тикланди
Жаҳонга коронавирус ўчоғи сифатида танилган Хитойнинг Ухань шаҳрида аста-секин ҳаёт жонлана бошлади.
Жаҳонга коронавирус ўчоғи сифатида танилган Хитойнинг Ухань шаҳрида аста-секин ҳаёт жонлана бошлади. Хусусан, аҳолига метродан фойдаланишга рухсат берилди. Бу ҳақда “РИА Новости” маҳаллий ҳукумат матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар тарқатган.
Хубэй провинциясидаги ушбу шаҳар коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан январь ойи ўрталарида ташқи дунёдан узиб қўйилган эди.
Тўғри, ҳозирча метрополитеннинг муайян қисми, яъни 6 та йўналишида ҳаракат қайта йўлга қўйилди. Режага мувофиқ, поездлар иш кунларида 6:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунлари 6:30 дан 23:00 гача юради.
Таъкидлаш жоиз, метрога тушаётган барча йўловчилар ҳимоя ниқобида бўлишга мажбур, кириш, чиқиш ва бир йўналишдан бошқасига ўтишда шахсий “саломатлик коди“ни сканердан ўтказишлари лозим.
Ухань метрополитенида 9 йўналиш, 228 бекат мавжуд. Қолган йўналишлар қачон ишга тушиши ҳозирча маълум эмас.
Поездлар ҳаракати 23 мартдан бошланган, фақат бўш вагонлар билан. Бундан кўзланган мақсад барча техник тизимлар фаолиятини кўрикдан ўтказиб, кўп кунлик мажбурий танаффус чоғида юзага келган бўлиши эҳтимол камчиликларни тузатиб олиш эди.
Тайёргарлик ишлари ўз вақтида, муваффақиятли якунига етказилди. Барча ер ости тизимлари кўнгилдагидек ишлаяпти.
23 январдан буён Уханда ҳар қандай жамоат транспорти воситалари, жумладан метро, автобуслар, паромлар ҳаракати бутунлай тўхтатилган эди. Шаҳарга четдан автобуслар ва кемалар қўйилмаяпти, аэропорт ва темир йўл вокзаллари фаолияти музлатилган. Маҳаллий аҳолига шаҳардан махсус рухсатсиз чиқиш мумкин эмас, кириш учун ҳам худди шундай тамойил амалда. Қолаверса,шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш режими қатъий чегараланган.
Провинция ҳукуматидан билдирилишича, шаҳардаги карантин ҳолати 8 апрелдан бекор қилиниши режалаштирилган. Шунда ҳам Уханликлар соғлом эканликларини, бошқалар саломатлигига хавф туғдирмасликларини исботлаган ҳолдагина шаҳардан ташқарига чиқишлари мумкин.