Учрашувда 5 та оила яраштирилди
Бухоро вилояти суди раиси Л.Кадиров Вобкент ва Шофиркон туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказди.
Дастлаб учрашувда вилоят суди раиси томонидан опа-сингилларимизга самимий тилаклар билдирилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
–Қабул қилинган хотин-қизларнинг 7 нафари суд-ҳуқуқ масалаларида мурожаат қилди, – дейди вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти Нурбек Раҳимов. – 13 нафари эса ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалаларга оид ўзларини қийнаб келаётган мурожаатлар билан қатнашди.
Суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
– Турмуш ўртоғим доимий ичиб келади, – дейди Вобкент тумани, Косари маҳалла фуқаролар йиғини Росбадан қишлоғида яшовчи фуқаро Роила Сирожова. – Мени ва фарзандларимни тинчлигини бузади. Мазкур масалада мурожаат қилгандим. Менга ҳимоя ордери беришди.
Бундан ташқари, шу куннинг ўзида Вобкент ва Шофиркон туманлари суди раислари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 5 та оила яраштирилди.
Зариф Комилов, ЎзА