Учқудуқ тумани янада ривожланади
Навоий вилоят ҳокими Нормат Турсунов Учқудуқ туманида бўлиб бунёдкорлик ишлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳолатини ўрганди. Саноат зонасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Айни пайтда “Сифатли Каолин” МЧЖ да қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда каолинни бойитиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Учрашувда заводнинг технологик жараёнлари, маҳсулот сифати ва экспорт имкониятлари муҳокама этилди.

“Ишонч Феруз” хусусий корхонаси қошида ташкил этилган “Open qurilish” МЧЖ томонидан эса 3 қаватли савдо комплекси қурилмоқда.
– Лойиҳа банк томонидан ажратилган имтиёзли кредит асосида амалга оширилмоқда, – дейди корхона раҳбари Ҳусниддин Нормуродов. – Мажмуа 3 минг метр квадрат майдонда бунёд этилиб, унинг 1-қаватида савдо нуқталари, 2- ва 3-қаватида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Савдо мажмуасини жорий йилнинг охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, ерда 51 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, хусусий корхонамиз томонидан меҳмонхона хизматини ташкил этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. 30 ўринга мўлжалланган меҳмонхона умумий майдони 1000 метр квадрат бўлиб, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда. 5 миллиард сўм маблағ сарфланаётган меҳмонхонада 12 та янги иш ўрни яратилади.

Вилоят ҳокими туман марказида ташкил этилаётган шаҳарсозлик лойиҳалари билан танишиш чоғида ҳудудда барпо этилаётган маиший ва хизмат кўрсатиш объектлари, янги турар-жой массивларининг сифатли ва белгиланган муддатларда якунланишини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Бугунги кунда Учқудуқ туманида замонавий инфратузилма яратилиб, қулай яшаш муҳитининг янада кенгайиб бораётганлиги тадбиркорларга кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини бермоқда.

Жумладан, 5 гектар майдонда ташкил этилаётган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида ёш тадбиркорларнинг 26 та лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Шу кунга қадар 7 та лойиҳа тўлиқ битказилиб, фойдаланишга топширилган. Ҳозирда 12 та лойиҳада қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлса, қолганларида смета-лойиҳалаш бошланган.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов тумандаги 4- ва 9-умумтаълим мактаблари, 13-давлат мактабгача таълим ташкилоти, солиқ инспекциясида бўлиб, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ўз тавсия ва кўрсатмаларини берди.

“Қизилқум” маданият уйида ўтказилган сайёр қабулда корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар масъуллари ҳамда 300 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди.
Қабулда фуқаролар томонидан таълим муассасасини таъмирлаш, йўлларда белгилар қўйилиши, иситиш тизими, тиббиёт, электр энергияси, ишсизликни бартараф этиш, даволаниш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик, ер ва уй-жой ажратиш ҳамда солиқ тизими билан боғлиқ масалаларда мурожаатлар қилинди.

– Сайёр қабулда тиббиёт пункти учун ажратилган тез тиббий ёрдам машинасининг эскирганлиги ва янгисига эҳтиёж борлиги юзасидан мурожаат қилдим, – дейди “Мингбулоқ” овулида истиқомат қилувчи Назарбек Ережепов. – Ҳокимимиз вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига янги русумдаги тез ёрдам мaшинаси ажратилиши бўйича кўрсатма берди. Мурожаатимиз ижобий ҳал этилганлигидан хурсандмиз.

Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса, ечими вақт ва ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар бўйича муддатлар белгиланиб, тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди ҳамда ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинадиган бўлди.
Қабулдан кейин тумандаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, банк-молия соҳаси мутасаддилари ҳамда маҳалла еттилиги билан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.

Унда аҳоли бандлигини таъминлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, коммунал хизматлар кўрсатиш ҳамда солиқ тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар таъкидлаб ўтилди.
Якунда масъулларга Учқудуқ туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолига қулай меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли топшириқлар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири