Учқўрғонда наслдор чорвачилик ривожланмоқда
Наманган вилояти Учқўрғон туманида чорвачиликни ривожлантириш, замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш, наслдор чорва моллари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар соҳада маҳсулдорликни ошириш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш ва чорвачиликнинг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилаяпти.
Хусусан, тадбиркор Даврон Абдуллаев томонидан Хитойдан 145 бош “Симменталь” зотли наслдор қорамол олиб келинди. Қорамоллар белгиланган тартибда ветеринария кўригидан ўтказилиб, парваришга қабул қилинди.

“Симменталь” зотли қорамоллар сут ва гўшт маҳсулдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Уларни маҳаллий шароитда парваришлаш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, наслдор қорамоллар сонини кўпайтириш кўзда тутилган.
Бу каби ташаббуслар ҳудудда чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА