Учинчи миллий дастур: иқтисодиётнинг янги модели
Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган еттита миллий дастур ҳар бир соҳада эришилган улкан натижаларни янги поғонага кўтариб, янги марраларни забт этишга қаратилган дастуруламал бўлди. Ушбу миллий дастурнинг учинчи йўналиши иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш борасидаги устувор вазифаларга қаратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш: устувор вазифалар ва парламентнинг роли” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу йўналишдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, иқтисодиётга замонавий технологияларни кенг жорий этиш билан бирга, инновацион фаолият учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап ва венчур бозорини кенгайтириш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан самарали ва масъулиятли фойдаланишни таъминлайдиган қонунчилик асосларини изчил такомиллаштириш зарур.
Мазкур соҳалардаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, инновацион бизнес учун қулай муҳитни кенгайтириш, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва янги технологик ечимларни бозорга олиб чиқиш механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Илм-фан, ишлаб чиқариш ва бизнес ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга тезкор татбиқ этиш, корхоналарнинг инновацион фаоллигини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Бу борада стартапларни қўллаб-қувватлаш, IT хизматлар экспортини кенгайтириш, интеллектуал меҳнатга асосланган янги касблар ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, ёшларни замонавий технологик кўникмаларга ўқитиш ҳамда уларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги урғуланди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида учинчи миллий дастурда белгиланган мақсадларга эришишда парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Стартап ва венчур экотизими, сунъий интеллект, инновацияларни тижоратлаштириш ва рақамли ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга оид қонунчиликни илғор халқаро тажриба ва миллий манфаатлар асосида такомиллаштириб бориш зарурлиги айтилди.
М.Комилова, ЎзА