Уч нафар депутат “қониқарсиз” баҳо олди
1 март куни Марказий ҳарбий округга қарашли Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала ўқув майдонига Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов бошчилигида сенатор ва депутатлар келди.
1 март куни Марказий ҳарбий округга қарашли Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала ўқув майдонига Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов бошчилигида сенатор ва депутатлар келди.
Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов маълум қилди. Ҳарбий формадаги депутат ва сенаторлар Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А.Саидов ҳамроҳлигида полигонда ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Фахрийлар, ҳарбий прокуротура ходимлари, депутат ва сенаторлар томонидан полигондаги ҳарбий шаҳарча ҳудудида 200 га яқин кўчат экилди.
Шундан сўнг, 45 нафар депутат амалий ўқ отиш майдонига йўл олди. 15 нафар аёл депутат (улардан 2 нафари сенатор) ТОЗ-8 қуролидан синов машқларини бажарди. Вилоят ҳокими ва округ қўмондони ҳамда икки нафар сенатор Макаров пистолетидан, 27 депутат эса снайпер, қўл плумёти қуролларидан амалда ўқ отишди.
Депутатлар биринчи маротаба ўқ узишларига қарамасдан, натижалар ёмон бўлмади. 8 та “аъло”, 13 та “яхши” ҳамда 21 та “қониқарли” баҳо қўйилди. Уч нафар депутат эса Навоий шаҳрига “қониқарсиз” баҳо билан қайтадиган бўлди.
Тадбир сўнгида сенатор ва депутатларга ҳамда “Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери”да 5 кун давомида фаоллик кўрсатган ёшларга Марказий ҳарбий округ қўмондонлигини эсдалик совғалари топширилди.