Уч мамлакат сув ва энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича баённома имзолади
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мавжуд захираларни мувофиқлаштирилган тарзда бошқариш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз ресурслар билан таъминлаш масалалари доимий мулоқот ва ҳамкорликни талаб этади.
Айниқса, ёзги мавсумда сув сарфи ва энергия истеъмолининг ортиши минтақавий ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини янада кучайтиради.
Шунга кўра, Бишкек шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг сув хўжалиги ҳамда энергетика соҳалари раҳбарлари иштирокида навбатдаги ишчи учрашув ташкил этилди.
Унда мамлакатлар ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар давомида ёзги мавсумда сув омборлари ва энергетика объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, сув ресурсларини самарали тақсимлаш, шунингдек, энергия таъминотидаги мувозанатни сақлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари аҳоли сонининг ортиши, иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши ва энергияга бўлган эҳтиёжнинг ўсиши шароитида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.
Тадбир якунида 2026 йилнинг июль-август ойларида мамлакатларни сув ва энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича қўшма баённома имзоланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА