Уч авлод учрашуви: маънавият ва тажриба уйғунлиги
Бухоро давлат педагогика институтида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда “Нуронийлар” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” номли маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ташкил этилди.
Тадбирда “Нуронийлар” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Самойдин Ҳусенов ҳамда Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев иштирок этиб, бу каби учрашувларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда катта авлод тажрибасининг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.
Фахрий устозлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари, меҳнат фаолияти давомида орттирган билимлари ва маънавий мероси билан ўртоқлашдилар. Ёшларга илм олиш, сабр-тоқатли бўлиш, касбга садоқат ва инсонпарварлик каби фазилатлар ҳақида самимий маслаҳатлар берилди. Бу эса талабалар қалбида устозларга ҳурмат ва касбга меҳр туйғуларини янада кучайтирди.
Тадбир давомида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, авлодлар давомийлигини таъминлаш, оила ва жамиятда кексаларнинг ўрнини юксалтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай тадбирлар таълим тизимида устоз-шогирд анъаналарини янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий камолотини юксалтириш, уларни ҳаётга тайёрлаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига хизмат қилади.
[gallery-28938]
Хулоса қилиб айтганда, “Уч авлод учрашуви” нафақат маънавий-маърифий тадбир, балки кеча, бугун ва эртанги кунни боғлаб турувчи муҳим кўприк вазифасини ўтади. Бундай учрашувлар ёшлар қалбида эзгулик, илмга интилиш ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.