U-14. Чорак финал иштирокчилари маълум
14 ёшлилар ўртасидаги мамлакат чемпионатининг гуруҳ баҳслари ниҳоясига етди. Тошкент шаҳридаги “Чиғатой” ва “Бунёдкор” академияси майдонларида ташкил этилган 3-тур ўйинларидан сўнг чорак финал иштирокчилари номи маълум бўлди.
Гуруҳ учрашувларида фақатгина “Насаф” (“А” гуруҳи) ва “Навбаҳор” (“Е”) клуби ёшлари юз фоизлик натижага эришишди. Шунингдек, “Одил-Жуниор” (“В”), “Хоразм” (“С”) ҳамда “Нурафшон” (“D”) жамоалари ҳам ўз гуруҳларида пешқадамлик қилишди.

Чорак финалга гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши учта жамоа – “Андижон” (“А”), “Пахтакор” (“В”) ва “Қизилқум” (“D”) ҳам йўлланма олди. Ўз гуруҳларида “Бунёдкор” ва “Машъал” ҳатто “В” гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган “Локомотив” жамоалари ҳам олтитадан очко тўплашган эди, бироқ ҳал қилувчи паллада тўплар нисбати инобатга олинди. “Металлург” 4 очко, “Сурхон”, “Нефтчи” ва АГМК жамоалари эса уч очкодан жамғаришди.
“Сўғдиёна”, “Турон”, “Қўқон-1912” ва “Динамо” клублари тарбияланувчилари мусобақада бирорта ҳам очко ишлай олишмади. Нукуснинг “Арал Самали” жамоаси эса молиявий муаммолари сабаб Тошкентга етиб кела олмади.

Чорак финал ўйинлари:
10 ноябрь, якшанба. “Чиғатой” стадиони.
ХОРАЗМ – АНДИЖОН
НАСАФ – ПАХТАКОР
НАВБАҲОР – ҚИЗИЛҚУМ
НУРАФШОН – ОДИЛ ЖУНИОР.