Турмада 34 йил ўтирган америкалик айбсиз экан
34 йил аввал қотилликда айбланиб қамалган америкалик Кристофер Данн айбсиз, деб топилди. Бу ҳақда “Midwest Innocence Project” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.
– Миссури Олий суди Кристофер Даннга кўп йиллик тутқундан сўнг озодликка чиқиш йўлини кўрсатди... дейилган баёнотда. – Крис қилмаган жинояти учун панжара ортидан, ниҳоят, оиласи бағрига қайтишидан жуда хурсандмиз.
NBC телеканали хабар беришича, 18 ёшли Данн 1990 йил ўсмирни отиб ўлдиришда айбланган. Жисмоний далил йўқлигига қарамай, у биринчи даражали қотилликда айбдор, деб топилиб, шартли равишда озод қилиш имкониятисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Ҳукм 12 ва 14 ёшли гувоҳлар кўрсатмасига асосланиб чиқарилган. Кейинроқ гувоҳ ўсмирлар сўзидан қайтиб, прокурор ва полиция томонидан мажбурланганини тан олган.
Сохта айблов билан қамоқда ўтказган йиллари учун жабрланувчига товон тўланиши ҳақида маълумот берилмаган.