ТУРКСОЙ – абадий дўстлигимиз тимсоли
Юртимиз маданий-маънавий ҳаётида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг ўз ўрни ва аҳамияти бор. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда халқаро маданий алоқаларнинг янги ривожланиш босқичига кириши ТУРКСОЙ фаолиятида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топгани аниқ.
Манбаларга кўра, ушбу тузилма тарихи илк марта 1992 йили Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон маданият вазирлари учрашувида келишилган. 1993 йил 12 июль куни эса "Туркий маданият ривожланиши ҳамкорлиги ташкилоти"га – ТУРКСОЙга асос солинди ва тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Туркий давлатлар халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни кучайтириш мазкур тузилманинг асосий мақсадидир. Бу ҳамкорлик иқтисодий, маданий, маърифий ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олади.
Мазкур ташкилот таркибига 10 иштирокчи киради. Булар мустақил суверен давлатлар, бошқа давлатлар таркибидаги федерал субъектлар ва мухтор вилоят ҳамда ҳудудлардир.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ТУРКСОЙ ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан тантаналар жонажон Ўзбекистонимизда баланд руҳда, юксак савияда ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ўтказилган маданият кунлари иштирокчиларига табриги бу тантаналарга ўзгача руҳ бағишлади.
Бу эса давлатимиз раҳбарининг миллий маданият ва санъат равнақига кўрсатаётган юксак эътибори, ижодкор зиёлиларга меҳри, туркий халқлар маданий-маърифий ҳамжиҳатлигини, дўстлигини таъминлашдаги фаол ташаббусларининг амалий натижасидир.
Туркий халқлар мамлакатлари ёзувчиларининг Навоий шаҳридаги халқаро форуми, пойтахтимизда ТУРКСОЙ рассомларининг ижодий учрашувлари ва халқаро кўргазмалари, ранг-баранг концертлар, театр фестиваллари, танловлар, қизиқарли симпозиумлар, бетакрор ижодий лойиҳалар туркий тилли давлатларнинг маданият ва санъат аҳлини бир платформа атрофида бирлаштирди. Ўзаро мулоқотлар, самимий суҳбатлар, фикр ва тажриба алмашиш учун янада кенг имкониятлар яратди.
Шу кунларда ТУРКСОЙ давлатларининг фотомусаввирлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бўлиб, мафтункор табиатимиз, одамларнинг турмуш тарзи, маданиятимиз ва қадриятларимизни фотосуратларга муҳрламоқдалар. Ижодий лойиҳа самарасида, махсус каталог-фотоальбом яратилади. Фоторассомларнинг ижоди акс этган махсус фотокўргазма ташкил этилади.
Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг қардош халқлар билан самимий ва дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, яхши қўшничилик, қардош халқлар маданияти ва санъати равнақи йўлидаги ҳамкорлигининг яққол намунасидир.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири