Туркманистон ва Хитой газ лойиҳаларини муҳокама қилди
Ашхободда туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Хитой бош вазири ўринбосари Дин Сюэсян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида Сюэсян табиий газ соҳасидаги ҳамкорлик Хитой-Туркманистон муносабатларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, у ушбу соҳадаги ҳамкорликка кўпроқ эътибор қаратиш ва йирик лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Бердимуҳамедов ўз навбатида, Туркманистон “ягона Хитой” тамойилига амал қилишини ва ХХРнинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Унинг айтишича, расмий Ашхобод Пекин билан эришилган келишувларни амалга ошириш ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доим тайёр.
С.Раҳимов, ЎзА