Туркия таълим тизимида янги тажриба қўлланмоқда
Инсон бажарадиган кўплаб вазифалар сунъий интеллект зиммасига юкланаётган, айни жараёнда турли янги касблар пайдо бўлаётган, фақат ахборотга эга бўлиш эмас, балки маълумотни саралаш ва тўғри қўллаш қобилияти тобора муҳим аҳамият касб этаётган бир шароитда таълим соҳасида ҳам мукаммал ўзгаришлар рўй бермоқда.
Бугун ўқувчига илм беришнинг ўзи етарли эмас. Замонавий ёш авлод маълумотни таҳлил қилиши, савол бериши, муаммога ечим излаши, жамоа билан ишлаши, фикрини ҳимоя қилиши ва ўзгариб бораётган муҳитда янги билимни мустақил эгаллай олиши лозим. Айни жараёнда Туркия хусусий таълим тажрибасини акс эттирадиган моделлардан бири – KEY мактаби ўзига хос аҳамият касб этади.
Мазкур тизим махсус лойиҳа асосида, таълим коучинги, ўқувчини индивидуал йўналтириш, инглиз ва испан тили, робот техникаси ва кодлаш, Maкeр, VR/AR, ақлий ўйин, ижтимоий клуб, санъат каби амалий йўналишларни уйғунлаштиради. Бундай муассасада мактабгача таълимдан лицейгача бўлган босқичда табиий фанлар, визуал санъат, мусиқа, Orff/рақс ва драма учун махсус муҳит ҳам яратилган.

ЎзА мухбири KEY мактаби муассиси, математика фани ўқитувчиси Иброҳим Дизман билан суҳбатлашди. 1998-2005 йиллари Туркия Миллий таълим вазирлиги тизимида ишлаган ушбу мутахассис 2005 йилдан бери хусусий йўналишда фаолият юритади.
– Қарийб 30 йилдан бери таълим соҳасидасиз. Шу даврда мактаб, ўқитувчи ва ўқувчига муносабат қандай ўзгарди? KEY мактабини ташкил этиш учун эҳтиёж бормиди?
– Менимча, тизимда юз берган асосий ўзгариш технология эмас, ўқувчига эътибор билан боғлиқ. Илгари мактабнинг асосий вазифаси билим бериш ва ўзлаштирувни имтиҳон ёрдамида текшириш эди. Бугун бундай ёндашув етарли, деб бўлмайди. Ахир, бола маълумотни истаган пайт турли манбадан олиши мумкин. Демак, энди мактабнинг вазифаси маълумотни билимга, билимни тажрибага айлантириш, тажрибани ҳаётга татбиқ этишни ўргатишдан иборат.

Фаолиятим давомида ҳар бир ўғил-қиз турлича ривожланишига амин бўлдим. Бир ўқувчи математикада иқтидорли бўлиши мумкин, бошқаси санъатда, яна бири техника йўналишида ёки мулоқотда ўзини фаол намоён этади. Агар ҳамма боладан бир хил натижа кутсак, ёки ягона йўлдан боришни талаб қилсак, уларнинг табиий салоҳиятини чеклаб қўямиз. KEY ғояси айни шу кузатувдан шаклланган. Биз мактабни фақат имтиҳонга тайёргарлик маркази сифатида эмас, ўқувчи қобилияти очиладиган муҳит ўлароқ тасаввур қилдик. Яъни, таълим самараси ўқувчи қанча маълумот ёд олгани эмас, олган билими асосида нечоғли фикрлай олиши, ҳаётда қандай қарор қабул қилиши билан ҳам белгиланиши керак.

– Демак, таълим натижасини баҳолаш ва имтиҳон олиш жараёнидан кенгроқ тушуниш зарур, шундайми? Амалиётда ўқувчининг индивидуал салоҳиятини қандай аниқлаш мумкин?
– Бунинг учун болани шунчаки ўқувчи эмас, алоҳида шахс сифатида кўриш лозим. Биз бола нимани яхши кўриши, қаерда қийналиши, қанча савол бериши, қайси йўналишда ташаббус кўрсатиши ва жамоада ўзини қандай тутишини кузатамиз. Зеро, ёшларнинг қобилияти ҳар доим тест натижасида кўринавермайди. Шу боис таълим коучинги ва ўқувчини йўналтиришга алоҳида эътибор берамиз. Лойиҳа асосидаги таълим ҳам айни жараённинг бир қисми: бола маълумотни излаб топади, таҳлил қилади, бошқалар билан муҳокама қилади, зарур қарор чиқаради ва охирида натижа яратади. Айни жараёнда унинг академик билими ва ташаббуси, масъулияти, мулоқот қобилияти ҳам намоён бўлади.

Устозларимиз шогирдларида ҳалоллик, ҳурмат, масъулият, меҳнатсеварлик, илмий тафаккур ва кенг дунёқарашни шакллантиришга интилади. Бинобарин, тизим қай даражада замонавий бўлмасин, диққат марказида инсон турмаса, технология кутилган натижани бермайди.
– Мактабда турли йўналишлар бўйича қулай шароит яратилган. Бу хоналарни таълим фалсафасининг бир бўлаги сифатида қабул қилса бўладими?
– Синфларимиз шунчаки қўшимча жиҳозланган жой эмас. Устахоналар ўқувчи “биламан”дан “бажара оламан”га ўтиши учун керак. Масалан, робот техникасида бола тайёр темир одамни кўриш билан чекланмайди. Унинг қандай ишлашини тушуниш, дастурлаш, хатосини аниқлаш ва тузатишга уринади. Жараён мантиқий фикрлаш билан бирга сабр ва жамоавий ишлаш кўникмасини ҳам тақозо этади.

Maкeр ёндашувида эса ўқувчи ғояни моддий натижага айлантириш имконига эга. Яъни, ғояни ўйлаб топади, лойиҳага айлантиради ва амалиётда синаб кўради. Баъзан натижа кутилганидек чиқмаслиги мумкин. Бу ҳам таълимнинг бир қисми, чунки хато орқали нимани ўзгартириш лозимлиги аёнлашади.
Табиий фанлар, мусиқа, драма ва визуал санъат ҳам худди шундай аҳамиятга эга. Биз боланинг нафақат интеллектуал, балки ижодий, ижтимоий қобилиятини ҳам ривожлантирамиз. Бугун меҳнат бозорида бирор касбни эгаллаш етарли эмас. Инсон янги вазиятга мослашиши, бошқалар билан ҳамкорлик қилиши, янги ечим учун таклиф бера олиши шарт. Бундай кўникма мактаб давриданоқ шакллана бошлаши муҳим.

– Мактаблар олдида мураккаб бир масала турибди: сунъий интеллект. Бу ўқувчи учун жиддий йўқотиш эмасми?
– Маълумки, сунъий интеллект таълим соҳасида ҳам кенг имконият эшигини очди. Авваллари ўқувчи маълумот излашга муайян вақт сарфлар эди. Бугун СИ орқали ҳар қандай саволга бир неча сония ичида жавоб топяпти. Табиийки, бундай ахборотни кўр-кўрона қабул қилиш нотўғри. Манбани текшириш, бошқа маълумот билан таққослаш, хулоса чиқариш, зарурат бўлса, эътироз билдириш керак. Айнан шу жараёнда ўқитувчининг вазифаси мураккаблашади. Устоз энди фақат маълумот берувчи эмас, шогирдининг фикрлаш жараёнини бошқарувчи, унга йўналиш берувчи шахсга айланади. Ўқитувчини технологияга алмаштирмайлик. Келажак авлодни биз шунчаки истеъмолчи эмас, технологиянинг имкониятини тушунадиган, ҳатто янги технология ярата оладиган инсон сифатида кўришни истаймиз.

– Дунёвий рақобат кучайган бир даврда хорижий тил, халқаро лойиҳалар ва миллий ўзлик ўртасидаги мувозанатни қандай ушлаш мумкин?
– Мен бу уч тушунчани бир-бирига қарши қўймаган бўлардим. Хорижий тилни ўзлаштириш – дунё билан мулоқотга киришиш имконияти. Бунинг учун аввало ўзингиз кимлигингизни билишингиз шарт. KEY тизимида инглиз ва испан тиллари ўқитилади. Биз тилни дарсликдаги грамматик мавзу эмас, мулоқот воситаси сифатида кўрамиз. Халқаро лойиҳалар эса жараённи янада бойитади. Мактабимиз “eTwinning” доирасидаги “Бизнинг Юнус” лойиҳасида иштирок этаётгани бунга яққол мисол. Ўқувчилар Юнус Эмре ҳаёти ва ижодини ўрганиб, шеърлар антологиясини тайёрлашди. Қизиғи шундаки, бола бу жараёнда ҳам миллий маданиятни, ҳам халқаро муҳитда мулоқот қилиш тажрибасини ўрганади.

– Олдинда яна қандай мақсадлар бор?
– Келажакда қайси мутахассисликлар талабгир бўлиши ҳақида турли тахминлар бор. Тўғри, касб кўп, аммо инсонга хос баъзи сифатлар ҳеч қачон ўзгармайди: қизиқиш, масъулият, ҳалоллик, мулоқот, танқидий фикрлаш ва ўзгара олиш қобилияти. Демак, ёшларга биргина касб эмас, янги мутахассисликларни ўзлаштириш қобилиятини сингдириш зарур. Хуллас, мақсадимиз – таълим сифатини сақлаган ҳолда, соҳага инновацион қарашни ривожлантириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ва ўқувчига индивидуал ёндашувни янада кучайтириш.
Биз учун ўсиш фақат муассаса сони билан ўлчанмайди. Мактаб кўпайса-ю, таълим сифати ошмаса, муаммо кўпаяди. Ёшларга доим бир гапни айтаман: Қизиқишни йўқотманг, савол беришдан қўрқманг, ҳаракат қилишдан тўхтаманг!

Ота-оналарга эса фарзандининг бугунги баҳосидан ташқари, ўн йилдан кейинги тақдири хусусида ҳам ўйлашни тавсия қиламан. Ахир, таълим масканидан олинадиган асосий натижаси диплом эмас, ўқувчи ўз ҳаётини мустақил қуришга тайёр бўлиб чиқиши-ку!
Ҳа, KEY тажрибасига назар ташласак, замонавий мактаб тушунчаси фақат янги технология ёки жиҳозланган синф билан белгиланмаслигини кўрамиз.
Мактабда турли йўналишлар бўйича машғулотлар бир-биридан айро эмас, балки ўзаро уйғун ташкил қилинади. Шу тариқа ўғил-қизларнинг қобилияти, интилиши бир нуқтага жамланади. Бошқача айтганда, таълим ўқувчини изланишга, технология амалий ечим яратишга, халқаро лойиҳалар мулоқотга, санъат эса ижодий фикрлашга ундайди. Таълим коучинги жараён марказига ўқувчининг ўзи, қобилияти ва келгуси мақсадини қўяди.

Айни жиҳатлар Ўзбекистонда ҳам хусусий таълим ривожланиб бораётган шароитда алоҳида эътиборга лойиқ. Туркия ёки бошқа бирор давлат тажрибасидан нусха кўчириш эмас, тизим ортидаги тамойилни ўрганиш, таҳлил қилиш муҳим. Яъни, мактабни фақат дарс ўтиладиган жой эмас, бола ўз қобилиятини синаб кўрадиган, хато қиладиган, изланадиган ва мустақил қарор чиқаришни ўрганадиган муҳитга айлантириш масаласи долзарб. Зеро, келажак таълимига энг йирик сармоя компьютер ёки робот эмас, балки ўзгарувчан дунёда фикрлай оладиган, ўрганишдан тўхтамайдиган, билимини жамият манфаатига йўналтира оладиган инсонни тарбиялаш. Шундагина мактабнинг вазифаси диплом бериш билангина чекланмайди. Таълим эса инсонга бутун ҳаёти давомида фикрлаш тарзи, танлови, келажакни яратиш қобилияти сифатида йўлдош бўлади.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Туркия