Туркия соғлиқни сақлаш вазири Бухорода
Кўҳна ва боқий Бухоро яна бир нуфузли халқаро учрашувга мезбонлик қилди. Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу бошчилигидаги делегациянинг ташрифи нафақат тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилди.
Ушбу ташриф давомида амалий ҳамкорлик, илғор тажриба алмашиш ва тарихий-маданий мерос билан танишишга алоҳида эътибор қаратилди.
Меҳмонларни Бухоро темир йўл вокзалида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, вилоят ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов ҳамда бошқа мутасаддилар самимий кутиб олди.
Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари, аввало, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига ташриф буюриб, муқаддас қадамжога эҳтиром кўрсатди.
Шундан сўнг делегация Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу муассаса ҳудуддаги йирик кўп тармоқли шифохоналардан бири ҳисобланиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами ва сифати билан ажралиб туради.
Маълум қилинишича, ўтган йил давомида бу ерга 124 мингга яқин фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 38,5 минг нафардан ортиғи стационар шароитда даволанган. Шунингдек, 11 мингга яқин жарроҳлик амалиёти бажарилиб, уларнинг қарийб 60 фоизи юқори технологияли операциялар ҳиссасига тўғри келади. Делегация аъзолари муассасада яратилган замонавий шароитлар, илғор тиббий ускуналар ва самарали бошқарув тизимини юқори баҳолади.
Айниқса, жигар ва буйрак трансплантацияси каби мураккаб ва ноёб амалиётларнинг йўлга қўйилгани Кемал Мемишоглу томонидан алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг юқори малакаси ва беморларга кўрсатилаётган хизмат сифати ҳам юқори баҳоланди.
Ташриф якунида томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, меҳмонлар Арк қўрғони, Миноари Калон мажмуаси ва Лаби Ҳовуз Арк қўрғони, Миноари Калон мажмуаси ва Лаби Ҳовуз каби тарихий обидаларни зиёрат қилиб, Бухоронинг бой маданий мероси билан танишди. Уларни тарихий ёдгорликларнинг бадиий уйғунлиги, миллий ҳунармандчилик намуналари ва ноёб экспонатлар жуда қизиқтирди.
[gallery-28695]
Мазкур ташриф нафақат тиббиёт соҳасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди, балки Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бухоро эса яна бир бор ўзининг нафақат тарихий, балки замонавий тараққиёт маркази эканини намоён этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.