Туркия киноси кунлари бошланди
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида “Туркия киноси кунлари” нинг очилиши ва кино ижодкорлар билан ижодий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда кино соҳаси ижодкорлари, санъат мухлислари, хорижлик меҳмонлар иштирок этди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс. Абдухолиқов Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик нафақат ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда, балки санъат ва маданият ҳамда кино соҳасида ҳам ривожланиб бораётгани таъкидлади.

– XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтадиган турк киноси кунларининг очилиш маросимида учрашганимиздан жуда хурсандмиз, деди Ф.Абдухолиқов. – Турк кино юлдузлари, таниқли режиссёрлар ва актёрларнинг ташрифи халқимизни қувонтиради. Маълумки, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланмоқда. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувлари халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлайди. Айни пайтда ўзбек ва турк киноижодкорларининг ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Сўнгги икки йилда биз Тошкент ва Истанбулда турк ишлаб чиқарувчилари, режиссёрлари ва экспертлари билан учрашувлар ўтказдик ва ҳамкорлик бўйича келишувларга эришдик.

Саҳнага турк киноюлдузлари Мустафо Уғур Яғчиоғлу, Пинар Язчиоғлу, Назиф Тунч, Мурад Айдин, Азра Акин, Гизем Лидия Денизчи, Севдар Гоўкхан, Челал Ал, Туба Унсул, Нургул Ешилчай, Бурак Ўзчивит таклиф этилди. Тадбир давомида томошабинлар ва турк киноси вакиллари ўртасида эркин мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда туркиялик ижодкорлар билан буюк ўзбек олимлари ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ҳужжатли фильмлар суратга олиниши режалаштирилгани таъкидланди. Тадбирда намойиш этилган концерт дастури барча манзур бўлди.
Мадина Насриева,
ЎзА