Туркия бир неча ҳужумдан кейин мактаб хавфсизлигини кучайтирмоқда
Туркия расмийлари яқинда Каҳрамонмараш ва Шонлиурфа вилоятларида тўққиз киши ҳалок бўлган ва ўнлаб одам яраланган ҳужумлардан сўнг бутун мамлакат бўйлаб таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтирди.
Ички ишлар вазирлиги кўрсатмасига мувофиқ, 81 вилоятдаги барча мактабларда полиция ходимлари сони оширилди: кириш жойида камида икки ходим жойлашган, зарур ҳолда қўшимча куч жалб қилинган. Бундан ташқари мактаб ҳудудида текширув ўтказилмоқда, ҳужжат текширилиб, шубҳали шахслар аниқланмоқда.
Истанбул каби йирик шаҳарларда полиция таълим муассасалари яқинида хавфсизликни кучайтирди. Транспорт воситалари тўхтатилиб, ҳайдовчилар текшириляпти. Бундай чоралар кўлами ресурсларга жиддий босим ўтказмоқда, дейилган хабарда.
Таълим вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда 56 000 дан ортиқ мактаб мавжуд. Ушбу таълим муассасаларида доимий равишда назоратни таъминлаш учун 112 000 дан кўп полиция ходими керак бўлади.
Ҳужумлардан сўнг Анқарада хавфсизлик ва таълим ходимлари иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказилиб, видео кузатув тизими, киришни кузатиш ва мактаб транспорти тартибини жорий этиш сингари хавфсизлик чоралари таҳлил қилинди. Шунингдек, расмийлар кибер буллинг, онлайн зўравонлик ва ёшлар орасида зарарли контент тарқалиши билан боғлиқ хавф омилларини ҳам кўриб чиқдилар.
С. Раҳимов, ЎзА