Туркий халқларнинг умумий маданий мероси
Самарқанд давлат педагогика институтида “Туркий халқларнинг умумий маданий мероси: тил, тарих ва таълим” мавзусида халқаро илмий симпозиум ўтказилди.
Туркиянинг Гиресун университети ҳамда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғиз, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар қатнашди.
Халқаро илмий симпозиум очилишида Самарқанд давлат педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова, Гиресун университети ректори Йилмаз Жан, Турк тарихи жамияти раиси, профессор Ҳалук Селви ҳамда Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаров сўзга чиқиб, мазкур форумнинг аҳамияти ва истиқболдаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикр билдирдилар.

– Симпозиум туркий халқларнинг умумий маданий меросини тил, тарих, адабиёт ва таълим нуқтаи назаридан илмий ўрганиш, мавжуд илмий натижалар ва методологик ёндашувлар алмашинувини ривожлантириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган, – дейди Самарқанд давлат педагогика институти ректори, профессор Шаҳзода Негматова. – Мазкур мақсад доирасида туркий тилларнинг тарихий ва замонавий ривожланиши, умумий алифбо ва ёзув ислоҳотлари, таржима ва кўп тиллилик, мумтоз ва замонавий адабий алоқалар, тарихий манбалар ва маданий хотира, миллий қадриятларнинг таълим-тарбия жараёнидаги ўрни, инклюзив ва мактабгача таълим, рақамли таълим ҳамда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш масалаларини муҳокама қиламиз. Алоҳида эътибор илмий мулоқот натижаларини келгусидаги тадқиқотлар, қўшма илмий ташаббуслар, академик нашрлар ва таълим соҳасидаги амалий ҳамкорлик учун самарали асосга айлантиришга қаратилади.
Халқаро симпозиумнинг ялпи мажлисида туркий халқларнинг умумий маданий мероси, тил, тарих ва таълимга оид долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Илмий муҳокамалар тил, тарих ва таълим йўналишларини қамраб олган шўъба мажлисларида давом этди. Симпозиумнинг илмий мазмуни туркий тилларнинг тарихий тараққиёти ва ўзаро алоқалари, умумий адабий мерос, тарихий хотира, педагогик қадриятлар, таълимдаги инновациялар, сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг тил ҳамда маданий меросни ўрганишдаги имкониятларини қамраб олди.

Тадбир доирасида Самарқанд давлат педагогика институти ва Гиресун университети раҳбарларининг учрашуви ўтказилди. Унда таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва академик алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Гиресун университети ректори Йилмаз Жан ва Муғла Ситки Кўчман университети профессори Али Акарга Самарқанд давлат педагогика институтининг “Фахрий профессори” унвони берилди.
Симпозиум давомида “Қадриятлар садоси” бадиий композицияси намойиш этилди. Шунингдек, икки давлат олий таълим муассасалари раҳбарлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида биргаликда дарахт кўчатлари экдилар.

Хорижлик меҳмонлар Самарқанддаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, тарихий-маданий ёдгорликлар билан яқиндан танишдилар.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири