Туркий халқлар музейшунослари Андижонда
Андижонда ТУРКСОЙ V Туркий дунё музейлари учрашуви ҳамда “Туркий дунёда миллий либослар: тарих, ўзлик ва маданий мерос” мавзусида илмий анжуман бўлиб ўтди.
Андижон – туркий дунё маданият пойтахти мақоми доирасида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Андижон давлат тиббиёт институтида ўтказилган туркий дунё музейлари учрашувида Турксой музейлар бирлашмаси вакиллари, Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар музейлари раҳбарлари, тарихчи, музейшунос олимлар, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб иштирокчи ва меҳмонлар тадбир доирасида ташкил этилган миллий либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди. Шундан сўнг V Туркий дунё музейлари учрашуви бошланди. Тадбирда дастлаб, ТУРКСОЙ ҳамда Турксой музейлар бирлашмаси фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
[gallery-32039]
Анжуман очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев, Маданий мерос агентлиги Музейлар бошқармаси вакили Дилобар Мирҳусанова, ТУРКСОЙ музейлар бирлашмасининг 2026 йилдаги раиси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, профессор Жаннат Исмоилова, ТУРКСОЙ бош котиби Султан Раев томонидан Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинганлиги, ана шу мақом доирасида ўтказилаётган тадбирлар Андижоннинг нуфузини янада оширишга, туркий халқлар ижодкорлари, маданият аҳлини бир-бирига янада яқинлаштиришга, ўзаро тажриба алмашиш, илмий-ижодий мулоқот майдонига айланганлиги таъкидланди.
– 2022 йилда ташкил этилган ТУРКСОЙ Музейлар бирлашмасига ҳозирга қадар туркий давлатлардаги 80 дан ортиқ музейлар аъзо бўлган, – дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, профессор Жаннатхон Исмоилова. – Уюшманинг асосий мақсади, туркий халқларнинг умумий тарихи, маданий мероси, миллий қадриятларини асраб-авайлаш, ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу ҳамкорлик, шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини, илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбирда ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ҳамда Гагаузия тарих ва этнография миллий музейи директори Людмила Маринга туркий халқлар маданияти, санъати ва илмий соҳалари ривожига қўшган катта ҳиссаси учун ТУРКСОЙ медалини тантанали равишда топширди.
Шунингдек, тадбирда юртимиздаги бир қатор музейлар, хусусан, Ўзбекистон Давлат геология музейи, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари тарихи ва маданияти давлат музейлари, Қорақалпоғистон, Қўқон, Самарқанд, Бухоро давлат музей-қўриқхоналари ҳамда Олимпия шон-шуҳрати музейига ТУРКСОЙ Музейлар бирлашмасига аъзо сифатида қабул қилинганлиги ҳақида сертификатлар топширилди.
Шундан сўнг “Туркий дунёда миллий либослар: тарих, ўзлик ва маданий мерос” мавзусида илмий анжуман ўз ишини бошлади.
Анжуманнинг биринчи шўъбаси йиғилишини ТУРКСОЙ Музейлар бирлашмаси раҳбари, доктор Бариш Жавид Мавсумли олиб борди.
Анжуманда Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, профессор Жаннат Исмоилова, Озарбайжон тарихи давлат миллий музейи вакили, профессор Айтен Аҳмедова, Туркия Маданий мерос ва музейлар бошқармаси вакили Али Ҳайдар Аталар, Қирғизистон тарихи миллий музейи вакили, доктор Назира Муминбаеванинг ўзбек, озарбайжон, турк ва қирғиз халқларининг миллий либослари, бош кийимлари, уларнинг тарихи ва бугуни ҳақидаги маърузалари тингланди.
Умуман, бешта шўъба доирасида навбатма-навбат ўтказилган анжуман йиғилишларида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Молдова, Озарбайжон Республикаларидаги музейлар вакиллари, музейшунос олимлар ўзларининг маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди.
Маъруза ва тақдимотларда музейлар фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш, миллий ва тарихий қадриятларни асраб-авайлаш, ривожлантириш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро тажриба алмашиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, туркий дунё музейлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик истиқболлари масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари