Туркий давлатлар космик саноатда янги келишув имзолади
Бир давлат учун космосга чиқиш катта ресурс, технология ва тажрибани талаб қилади. Бир нечта давлат ўз имкониятларини бирлаштирса-чи?
Сунъий йўлдош яратишдан тортиб, унинг маълумотларидан фойдаланишгача бўлган жараёнларда умумий лойиҳалар учун йўл очилиши мумкин.
Бугун туркий давлатлар космик соҳада ана шундай умумий имкониятларни изламоқда. Бу йўналишдаги навбатдаги қадам Анталияда ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси доирасида ташланди.

Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида космик соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда «Ўзбеккосмос» агентлиги директори Шуҳрат Қодиров ҳам иштирок этди.
Тадбир доирасида Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан «Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича космик саноат соҳасидаги дастлабки шартнома» имзоланди.
Ҳужжат космик технологиялар, сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар, саноат кооперацияси ҳамда мутахассислар салоҳиятини ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА