Туркий давлатлар интеграциясида транспорт ва рақамли ҳамкорлик устувор аҳамият касб этмоқда
Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 15 май куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Туркистон шаҳрида ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.
Мазкур халқаро тадбир арафасида жаҳон оммавий ахборот воситаларида ТДТнинг фаолияти, унинг ривожланиш босқичлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва илгари сурилаётган ташаббуслар кенг ёритилмоқда. Хусусан, Покистоннинг “Daily Independent” нашрида эълон қилинган мақолада туркий давлатлар ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланган.
Нашрда қайд этилишича, Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган ТДТ норасмий саммити ташкилотнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва умумий мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда ТДТ доирасида иқтисодиёт, энергетика, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект каби 40 дан ортиқ йўналишда ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, транспорт соҳаси аста-секин интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Ташкилотнинг транспорт стратегияси Шарқ ва Ғарбни, шунингдек, Евроосиёнинг Шимоли ва Жанубини боғловчи халқаро коридорларни ривожлантириш орқали ягона транспорт маконини шакллантиришга қаратилган, дейилади мақолада.
Муаллиф Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлганидан сўнг, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик мамлакат ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини ҳам ёзган. Глобал таъминот занжирларидаги ўзгаришлар, муқобил йўналишларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва халқаро транспорт коридорлари ўртасидаги рақобат кучайиши шароитида Тошкент ягона транспорт ва транзит маконини яратиш ташаббусларини изчил илгари суриб келаётгани эътироф этилди.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар ТДТ ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, 2021 йил Туркияда бўлиб ўтган саммитда транспорт ва транзит соҳасида тизимли ҳамкорлик зарурлиги таъкидланди. 2022 йил Самарқанд саммитида эса мультимодал йўналишларни ривожлантириш, шунингдек e-TIR, e-Permit ва e-CMR каби электрон тизимларни жорий этиш таклиф этилди.
Шунингдек, мақолада 2023 йил Остона саммитида Ўзбекистон транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, хусусан, Осиё ва Европани боғловчи стратегик “Ўрта коридор”ни ривожлантириш масаласини яна илгари сурди, дейилади. 2025 йилда Венгрияда ўтказилган норасмий саммитда эса Транскаспий йўналиши бўйлаб “ягона дарча” ва “яшил коридор” тизимларини жорий этиш қўллаб-қувватланди.
Умуман олганда, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш ТДТ маконида минтақавий интеграция ва барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади