Туризм лойиҳалари амалга оширилади
Оҳангаронда туристик лойиҳаларни амалга ошириш, чет эл сармоядорларини жалб этиш ишларини янада ривожлантириш мақсадида Заур Алиев туман ҳокимининг туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида жалб этилди. Туман ҳокими ҳузурида ўтган учрашувда туризм соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Оҳангарон туманининг “Овжазсой”, “Эртошсой” ва “Жиблонсой” тоғли зоналарида “яхлит ҳудуд” тамойили асосида туризм зонаси ташкил этилиши белгиланган. Унга кўра, Туркиянинг “Sigma” компанияси билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилди.
Дастлабки босқичда мазкур йирик лойиҳага 750 миллион доллар миқдоридаги инвестиция жалб этилиб, 10 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун 3-5 кунлик ташриф дастурлари тайёрланиши белгиланган.

Учрашувда ушбу масалалар батафсил муҳокама этилиб, лойиҳа учун ажратилган 650 гектар ерда дастлабки ўрганиш ишларини олиб бориш, инвесторларни жалб этиш мақсадида, туманнинг жозибадорлигини очиб беришга қаратилган видеоролик тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўзаро суҳбат давомида туманнинг Шодмалик маҳалласи ҳудудидаги 60 гектар ер майдонида “Dubai Motiongate” халқаро бренди остида кунига 20 минг нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлган “Motiongate Uzbekistan” кўнгилочар тематик паркини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам сўз борди. Бу орқали 3 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.

Туман ҳокими Дониёр Мадиримов туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишдан асосий мақсад туман аҳолисининг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш орқали аҳоли фаровонлигига эришиш эканига алоҳида эътибор қаратди.
А.Мусаев, ЎзА.