Туризм куни Самарқандда кенг нишонланмоқда
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан бугун Самарқанд шаҳридаги туризмни кенг оммалаштириш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, “Ҳамма саёҳатга” шиори остида Ислом Каримов ҳайкали пойидан Хўжа Дониёр мақбарасигача бўлган 6 километрлик масофада оммавий юриш ва веломарафон ўтказилди.

Тарихий обидалар ва туристик объектларда Самарқанд туризм салоҳияти, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий анъана, қадриятларни намойиш этилган кўргазмалар ташкил этилди.
Вилоят матбуот уйида вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Б.Нуруллаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳада олиб борилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берилди.

Шоҳи Зинда мажмуаси ҳудудида “Туризм ахборот маркази”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда кенг жамоатчилик вакиллари ва чет мамлакатлардан келган сайёҳлар иштирок этди.
Вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов марказда сайёҳлар учун яратилган имкониятлар хусусида маълумот берди.

- Янги туризм объектида нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар учун ҳам қулай имконият яратилган, - дейди Д.Нарзиқулов. – Бу ерда сайёҳлар тарқатма материаллар олишлари, Самарқанддаги туристик объектлар йўналишлари билан танишишлари, турли хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Бугунги кунда шу каби марказлар Самарқанд темирйўл вокзали ва Амир Темур мақбараси яқинида фаолият олиб бормоқда.

Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи – Конигилда ҳам бир қатор маданий дастурлар уюштирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА