Туризм индустриясининг ривожланишида янги босқич
Таҳлил
Кейинги йилларда бутун дунёда туризмни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратиляпти. Мамлакатимизда ҳам айни шу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар бошланган ва бу ўз самарасини бермоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, юртимизда 2017 йилдан 2019 йилга қадар туризм соҳасидан олинган даромад 2,5 баробарга ортган. 2019 йилда туризм хизматлари экспорти ЯИМга нисбатан 2,3 фоизни ташкил қилган. Аммо бу ҳали айни борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўп эканини англатиб турибди.
Умуман жаҳон иқтисодиётида туризм индустрияси жуда салмоқли ўрин эгаллаган бир пайтда Ўзбекистон бу борада катта имкониятга эга бўла туриб, уни эътиборсиз қолдириши мумкин эмас ҳамда ҳозирги тараққиётимизга мос эмас. Зеро замонавий туризм мақсадларига эришишнинг энг муҳим омили ҳамма учун бирдек қулай инфратузилма, сайёҳларни толиқтирмайдиган равон йўллар, намунали хизматлар билан боғланади.
Президентимиз томонидан 9 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам шу йўналишдаги ишларни ислоҳ қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унда туризм соҳасидаги имтиёзларни 2021 йилнинг сўнгигача узайтириш, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилган. Энг муҳими, жорий йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган.
Нафақат Ўзбекистон балки жаҳон дурдоналаридан бири бўлган афсонавий Самарқандни ҳақиқий маънода очиқ осмон остидаги музейга айлантириш учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш керак?
11 февраль куни давлатимиз раҳбари Самарқанднинг туризм салоҳияти, шу жумладан, зиёрат туризмини ривожлантиришга доир тақдимотлар билан танишди. Маълумки, Президентимиз томонидан Самарқанд шаҳридаги осори-атиқаларимизни мустаҳкам асраган ҳолда инфратузилма объектларини тубдан такомиллаштириш, жумладан, йўл ва кўприклар, меҳмонхоналар ҳамда маъмурий мажмуалар бунёд этиш бўйича топшириқлар берилган эди.
Уларга мувофиқ бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Мамлакатимиз раҳбари тақдим этилган лойиҳаларни кўздан кечирар экан, асосий эътиборни, аввало, оддий одамларимиз, самарқандликлар шароитларини яхшилаш, кўчаларни кенгайтириш, турар жойлар қуриш, муаззам зиёратгоҳларимизни обод қилиш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун шароитларни яхшилаш, зарурий иншоот ва мажмуаларни бунёд этиш, шаҳарни кўкаламзорлаштириш масалаларига қаратди.
Кейинги йилларда юртимизда буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, улар ётган қабрларини обод қилиш, зиёратчилар учун шароитларни кенгайтириш бўйича кенг қамровли ишлар бажариляпти. Энди Имом Бухорий мажмуасининг қиёфаси ҳам атрофдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда ўзгартирилади.
– Президентимизга яқин йилларда Самарқандни йирик туристик ва логистик марказга айлантириш нуқтаи назаридан амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан батафсил маълумот берилди, – дейди Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. – Йирик тадбирлар ҳамда кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қиладиган Самарқанд туристик маркази, шаҳар ҳудудида қурилаётган меҳмонхоналар, зиёрат туризми учун жуда муҳим бўлган Имом Бухорий мажмуаси лойиҳалари тақдимот қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, яратилаётган барча объектлар яқин йилларда Самарқандда йирик тадбирларни ҳам ўтказишга имкон яратади. Шаҳарда йирик инвестицион ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган бир нечта лойиҳалар ҳам амалга оширилади. Бунинг натижасида Самарқанднинг узлуксиз электр энергияси ва газ таъминоти, сув таъминоти, канализация тизими яхшиланади.
Маълумки, Самарқанд қадимдан Буюк ипак йўли марказларидан бири бўлган ва унинг бугунги кунда ҳам салоҳияти юқори. Шунга монанд мазкур вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича катта ҳажмда ишлар бажариляпти.
Хусусан, Самарқанд туманида туристик марказ ташкил этилмоқда. Бу сўлим масканда 8 та замонавий меҳмонхона, йирик анжуманлар зали, ресторанлар, боғ ва сайлгоҳлар бўлади. Ушбу туристик марказни Самарқанд халқаро аэропорти, темир йўл вокзали, Имом Бухорий мақбараси, Регистон майдони ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан боғлайдиган кўчалар таъмирланмоқда.
Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 10 та янги меҳмонхона барпо этилмоқда. Транспорт, йўл ва коммуникация тармоқлари ривожлантирилади, Самарқанд шаҳри ободонлаштирилиб, савдо ва хизматлар ҳажми кенгайтирилади.
Гап соҳа салоҳиятини ошириш ҳақида борар экан, сўнгги йилларда уни янги босқичга кўтариш, янгича мезонлар асосида равнақ топтиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётганини таъкидлаш жоиз. Бу борада Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дустуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжа, аввало, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутиши билан аҳамиятли. Фармонга асосан туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган экан, бу борада энг катта манба, албатта, зиёрат туризми ҳисобланади.
Чунки мамлакатимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, шунингдек, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бўлиб, имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.
– Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ҳам қатор вазифалар юклатилган, – дейди Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик ҳуқуқий департаменти директори ўринбосари Шоҳрух Бобонов. – Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш масалалари белгиланган. Бу ишлар хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан қатор тадбирлар, брифинг, анжуманлар уюштириш йўли билан амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, юртимизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига замин яратади.
Фармон билан эндиликда маҳаллий туристларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишини рағбатлантириш учун республика ҳудудларини ўзаро боғловчи авиарейслар ва темир йўл қатнови географияси янада кенгайтириладиган бўлди.
Жумладан, Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейслари йўлга қўйилади ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сони оширилади.
– Ҳозирги кунда автотранспорт қатнови орқали водийдан Термизга ёки Урганчга етиб бориш камида 12-14 соат вақтни олади, – дейди Транспорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Пўлатов. – Авиапарвоз эса ушбу масалани бир соатга туширади. Бу эса фуқаролар, сайёҳлар учун қулайлик яратиб, уларнинг транспорт вақтларини қисқартиради. Бунинг эвазига ушбу вақтларини сайёҳлар тарихий, маданий меросларни кўришга сарфлашлари мумкин бўлади.
Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатнови жорий қилинади. Мазкур йўналишлардаги авиарейслар ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкентдан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийси йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш йўлга қўйилади.
Бунда давлат бюджетидан авиаташувчиларга мазкур йўналишдаги авиақатновларда авиачипта нархининг 25 фоизини субсидиялаш учун 37 миллиард сўм, туроператор ва турагентларга авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизини субсидиялаш учун 27 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағлар юртдошларимизга енгиллик яратиш баробарида соҳа имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА мухбири