Тунги махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди (видео)
Фавқулодда вазиятларда бир дақиқалик кечикиш ҳам инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин. Айниқса, жумладан, мустақил ҳаракатлана олмайдиган беморлар даволанаётган тиббиёт муассасаларида тезкорлик, аниқ ҳаракат ва ҳамжиҳатлик ниҳоятда муҳим.
Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида тунги махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди. Машқ сценарийсига кўра, муассасада шартли ёнғин ҳолати юзага келтирилиб, беморларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш жараёни моделлаштирилди. Бунда тиббиёт ходимлари ва масъул хизматларнинг фавқулодда вазиятда тезкор қарор қабул қилиши, ҳаракатлар мувофиқлиги ҳамда беморлар хавфсизлигини таъминлашга тайёрлиги баҳоланди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шерали Эрназаров раҳбарлигида ўтган машғулотда мустақил ҳаракатлана олмайдиган беморларни эвакуация қилиш, уларни хавфсиз ҳудудга кўчириш ва масъул хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
— Бундай машқлардан кўзланган асосий мақсад — ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятларда тиббиёт муассасаси ходимларининг тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш, беморларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш тартибини амалда синаш ҳамда масъул хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Тиббиёт муассасаларида мустақил ҳаракатлана олмайдиган беморлар ҳам бўлишини ҳисобга олсак, хавфсизлик чораларини олдиндан белгилаш ва ходимларни бундай ҳолатларга мунтазам тайёрлаш зарур. Ўқув машқлари давомида амалий тайёргарлик баҳоланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланади, — дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.

Бундай тунги машғулотлар вилоятда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

— Муассасамизда ташкил этилган мазкур ўқув машғулоти нафақат тиббиёт ходимлари, балки даволанаётган ва машқ жараёнида иштирок этган беморларимиз учун ҳам фойдали бўлди. Маълумки, куз-қиш мавсумида газ ва иситиш печларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар, ҳатто фавқулодда вазиятлар юзага келиши мумкин. Бундай пайтда саросимага тушган инсон қандай ҳаракат қилишни бир зумга бўлса-да унутиши мумкин. Бу эса жиддий оқибатларга сабаб бўлади.
Бугунги машғулот давомида Фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари ёнғин ёки бошқа хавфли ҳолатлар юзага келганда қандай ҳаракат қилиш, хавфсизлик қоидаларига амал этиш ва эвакуация жараёнини тўғри ташкил қилиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар бердилар. Тиббиёт ходимларимиз ҳам шартли вазиятда беморларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш ва ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиш бўйича ўз билим ҳамда кўникмаларини амалда синовдан ўтказдилар.
Энг муҳими, бундай машғулотлар ходимларимизнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини ошириш, масъулиятини кучайтириш, беморлар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади, — деди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акром Азизқулов.

Бир сўз билан айтганда, фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини асраб қолиш пухта тайёргарлик, масъулият ва ҳамжиҳатликка боғлиқ. Ҳар бир ходим ўз вазифасини аниқ билса ва зарур пайтда тўғри ҳаракат қилса, хавф-хатарнинг оқибатларини камайтириш имконияти ортади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири