Трамп ва Конституция тўқнашуви
АҚШ Олий суди мамлакатда кескин баҳсга сабаб бўлган масала – туғилиш орқали бевосита фуқаролик бериш тартиби бўйича қарор чиқариши кутиляпти. Дональд Трамп маъмуриятининг муҳожирлар фарзандларига нисбатан айни ҳуқуқни чеклашга қаратилган ташаббуси миллионлаб оилалар учун жуда муҳим.
Президент имзолаган фармонда АҚШ ҳудудида туғилган ҳар бир бола ўз-ўзидан фуқаролик олмаслиги кераклиги белгиланган. Маъмурият фикрича, агар ота-она мамлакат фуқароси ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаса, болага ҳам бу мақом тўғридан-тўғри берилмаслиги лозим. Қуйи инстанция судлари эса ушбу фармон ижросини тўхтатиб қўйган.
Даъвогарлар мазкур ташаббус Конституциянинг 14-тузатишига зидлигини таъкидламоқда. Ушбу меъёрга кўра, мамлакат ҳудудида туғилган ва қонунларга бўйсунувчи ҳар қандай шахс фуқаро ҳисобланади. АҚШда шу тамойил қарийб бир ярим асрдан бери амал қилиб келади ва мамлакатнинг асосий ҳуқуқий анъанаси сифатида қадрланади.
Мутахассислар фикрича, агар Олий суд етакчи фикрини қўллаб-қувватласа, ҳар йили туғиладиган юз минглаб чақалоқнинг ҳуқуқий мақоми қайта кўриб чиқилади. Шу тариқа миграция сиёсатидаги энг кескин ўзгаришлардан бири юзага келиши эҳтимоли бор.
Қарор нафақат муҳожирлар масаласи, балки Қўшма Штатларда фуқаролик тушунчаси қандай талқин қилинишига ҳам таъсир кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА