Трамп тарафдорларининг 35 фоизи оралиқ сайловда овоз бермаган
“J.L.Partners” тадқиқот компанияси маълумотига кўра, 2024 йилги президентлик сайловида АҚШ етакчиси Дональд Трампни қўллаб-қувватлаган америкаликларнинг қарийб 35 фоизи 2026 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган Конгрессга оралиқ сайловда иштирок этмаган.
Сайлов куни 1 000 нафар рўйхатдан ўтган сайловчи ва сайлов олди кампанияси давомида 30 000 дан кўп одам иштирокида олиб борилган сўров натижасига асосланган ҳисоботда Республикачилар партияси мағлубиятининг асосий сабаби сифатида анъанавий тарафдорлар фаоллиги пасайгани билан изоҳланган. Масалан, овоз беришга чиқмаган Трамп тарафдорларининг 46 фоизини олий маълумотга эга бўлмаганлар, 44 фоизини 65 ёшдан ошганлар, 39 фоизини эса қишлоқларда яшовчилар ташкил этган.
Таҳлилга кўра, Демократик партия қўлга киритган қўшимча овознинг қарийб 70 фоизи фуқаролар сиёсий қараши ўзгариши эмас, балки сайловда қатнашиш даражасидаги фарқ билан боғлиқ. Овоз бериш жараёнида америкаликларни, асосан, яшаш харажати юқорилиги ва иқтисодиётнинг ҳолати ташвишга солган.
“J.L. Partners” компанияси директори ва ҳаммуассиси Жеймс Жонсон таъкидлашича, ҳатто бирор сайловчи Демократик партия томонига ўтмаган тақдирда ҳам, республикачилар фаоллик пастлиги сабаб Сенат ва Вакиллар палатасидаги кўпчилик ўринни бой берган бўлар эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА