Трамп ўзини АҚШнинг навбатдаги президенти деб ҳисобламоқда
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2024 йилда яна президентликка сайланишига ишора қилди.
Ижтимоий тармоқларда сиёсатчанинг Гольф ўйнаётгани видеоси тарқалган. Видеода Трамп Make America Great Again, деб ёзилган шапкани кийиб, коптокни майса устига қўяётгани тасвирланган. "Телевиденияда илк бор: АҚШнинг 45 чи президенти", - дейди воқеани кадр ортида шарҳлаётган киши. Трамп эса уни тузатиб, "45 чи ва 47 чи", - деб жавоб берган.
Трамп 2024 йилда сайловолди кампаниясида иштирок этиш режасини ҳали ошкора айтмаяпти, лекин тарафдорлари қаршисида фаол чиқишларни давом эттирмоқда. АҚШнинг собиқ президенти илгари номзодини қўйиш истаги борлиги ҳақида аниқ бир гап айта олмаслигини айтганди. Бунга сабаб сифатида у сайловолди кампаниясини молиялаштириш билан боғлиқ масалаларни кўрсатган.
Шу билан бирга, у тарафдорларига 2024 йилдаги қарори уларни хурсанд қилишини ҳам айтганди. Аризонадаги яна бир чиқишида у “Оқ уйни қайтариб олишни” ваъда қилганди.
Трамп 2020 йилда бўлиб ўтган президент сайловида Жо Байденга ютқазиб қўйди, натижада Жо Байден АҚШнинг 46 чи президенти бўлди. Байден ҳам 2024 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этиши ва ғалаба қилишини ишонч билан айтмоқда. Агар шундай бўлса, АҚШнинг 47 президенти 2028 йилда бўладиган сайловда маълум бўлади.