Трамп нега Пентагонга Жанубий Корея билан ҳарбий машғулотларни қисқартиришни буюрди?(+видео)
АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагонга Жанубий Корея билан ҳар йили ўтказиладиган қўшма ҳарбий машғулотлар кўламини қисқартиришни топширди, деб хабар берди Euronews
Трамп бу қарорини Жанубий Корея Эронга қарши урушда АҚШга ёрдам беришдан бош тортгани билан изоҳлади. Шунингдек, у Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан яхши муносабатлари борлигини таъкидлади.
Трамп душанба куни бошланган ҳарбий машғулотлар нафақат қимматга тушишини, балки унинг фикрича, Шимолий Корея учун мутлақо ўринсиз ва душманона белги бўлишини айтди. Унинг таъкидлашича, Ким Чен Ин Трамп Оқ уйда бўлган даврда ҳурмат билан муносабатда бўлган.
Шунингдек, яқинда Жанубий Корея президенти Ли Мёндан мамлакати Эронни «ядросизлантириш» масаласида АҚШга қўшилишга тайёрми, деб сўраганини айтди. Улар эса: “Йўқ, раҳмат!” деб жавоб беришди, - деди Трамп.
Шу тариқа, Трамп яна АҚШнинг иттифоқчиси томонини эмас, балки аввалги маъмуриятлар рақиб деб ҳисоблаган давлат раҳбарига ён беришни танлади.
Трамп маъмуриятининг бошқа вакиллари НАТОдаги иттифоқчиларни ҳам Эронга қарши урушни етарлича қўллаб-қувватламаётганликда танқид қилиб келмоқда.
Жанубий Кореянинг 18 минг ҳарбий хизматчиси иштирок этаётган 11 кунлик машғулотлар Пхеньян томонидан келиши мумкин бўлган таҳдидларни қайтаришга қаратилган.
Жума куни Шимолий Корея АҚШ ва Жанубий Кореяга нисбатан қатъий чоралар кўриш билан таҳдид қилди. Пхеньян уларнинг ҳарбий машғулотларини «тажовузкор урушга тайёргарлик» деб атаб, бу машғулотлар минтақадаги беқарорликни янада кучайтираётганини билдирди.
Ўтган йил сентябрь ойида Ким Чен Ин Трамп ҳақида «яхши шахсий хотиралари» сақланиб қолганини айтган. Шунингдек, агар Вашингтон Шимолий Кореяни «ядросизлантириш бўйича ўзининг маъносиз ва асоссиз ғоясидан» воз кечса, музокараларга қайтиш мумкинлигини билдирган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XCsKFRu7vDo" title="Tramp nega Pentagonga Janubiy Koreya bilan harbiy mashg‘ulotlarni qisqartirishni buyurdi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, ЎзА