Трамп Эрондаги вазиятга оид қарорини эълон қилди
Эронга қарши ҳужум қайта бошланиши ҳақида миш-миш тарқалаётган бир пайт АҚШ Президенти Дональд Трамп Огайо штатида бўлиб ўтган митингда вазият тез орада ҳал қилинишини билдирди.
Америка оммавий ахборот воситалари илгари АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳарбий амалиёт режаси тайёрлагани ҳақида хабар тарқатган эди. Дипломатик музокара муваффақиятсиз кечса, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Конгресс оралиқ сайловидан сўнг жараён давом этиши мумкин.
Трампнинг ўзи аввалроқ келишувга эришилмаган тақдирда Ислом Республикасига қарши янги амалиёт бошланишини айтган.

АҚШ етакчиси Техасдаги тарафдорларига мурожаат қилар экан, Қўшма Штатлар Эрон устидан қозониладиган янада муҳим ғалаба арафасида тургани, Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлиш имкониятини бутунлай йўқ қилиш нияти устуворлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Вашингтон минтақадаги мамлакатлардан ҳарбий ва дипломатик ходимларини аста-секин чиқараётгани тўғрисида ҳам ахборот тарқатилди. Айни ҳолат февраль ойида Эрон билан кечган дастлабки можаро даврини эслатади.
АР агентлиги исми ошкор қилинишини истамаган икки дипломатга таяниб ёзишича, Америка расмийлари Яқин Шарқ мамлакатларини ҳам 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловидан кейин Эронга ҳужум яна авж олишидан огоҳлантирмоқда.

Июнь ойи ўрталарида АҚШ ва Эрон тинчлик жараёнини бошлашга қаратилган меморандумни имзолаган. Афсуски, уч ҳафта ўтгач, ҳужум давом эттирилди. Шундан бери икки томон муаммони бартараф этишга уриняпти. Бинобарин, муайян сабаблар туфайли томонлар ҳозиргача келиша олмаяпти.
С.Раҳимов, ЎзА