Трамп Чикагога махсус кучларни юбормоқчи
АҚШ Президенти Чикагога 300 нафар федерал агент ва Миллий гвардия аскари юборишни буюрди. Ушбу қарор иммиграция хизмати (ICE) ўтказаётган рейд, зўравонлик ва норозилик намойишлари асносида қабул қилинди.
Сўнгги ҳафталарда федерал кучлар томонидан 900 киши ҳибсга олинган, икки аёл ўқ узиб, ярадор қилинган, ўнлаб фуқаро жароҳат олган. Иллинойс губернатори Притцкер бу қарорни “демократик тамойилга зид” атаб, федерал маъмуриятни штат суверенитетини бузишда айблади:
– Менга ультиматум қўйилди — ё ўзим қўшин киритаман ё улар юборади. Бу мутлақо ноўрин.
АҚШ Бош прокурори Пам Бонди эса федерал идораларни, жумладан FBI бошқармасига бинолар атрофида хавфсизликни кучайтиришга чақирди.
Чикагода федерал агентлар билан намойишчилар ўртасида тўқнашув кескинлашган. Баъзи жойларда кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган, айрим ҳолларда тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатилган.
Иммиграция рейди, асосан, Лотин Америкаси давлатлари фуқаролари яшайдиган ҳудудларда олиб бориляпти. Бу яқин атрофдаги шаҳарлар аҳолиси норозилигини кучайтирмоқда.
Притцкер федерал агентларни “инсон ҳуқуқини менсимаслик”да айблаб, улар “хавфсизликни таъминлаш ўрнига қўрқув тарқатаётгани”ни таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА