“Трамадол”нинг яширин савдосига чек қўйилди
Тадбир давомида фуқаролар текширилганида, фуқаро Н.Н.нинг ёнидан 1 дона “Тропикамид 10мг/мл” дори воситаси борлиги аниқланди.
Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар Н.Н. ва Т.Т. шартли харидорга 150 дона “Трамадол 50 мг.” дори воситасини ноқонуний тарзда сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, тадбир давомида фуқаролар текширилганида, фуқаро Н.Н.нинг ёнидан 1 дона “Тропикамид 10мг/мл” дори воситаси борлиги аниқланди.
40 минг АҚШ долларини яширинча олиб чиқишнинг антиқа усули наф бермади
Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга пиёда ҳолда чиқиб кетаётган фуқаро Д.К.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада, унинг оёқ кийимларининг ҳар бир пойида 20 минг АҚШ долларидан – жами бир жуфт оёқ кийимда 40 минг АҚШ доллари устамонлик билан яширилгани аниқланди.
Иккита ўриндиқни кўп кўрсатиб 371 миллион сўм имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган қонунбузар фош этилди
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан пойтахтимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига келган ва “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришга тақдим этилган қиймати 58 миллион 522 минг 630 сўмлик “Mercedes Benz Vito 111 сdi” автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди.
Божхона кўриги давомида тақдим божхона юк декларациясида автотранспорт воситасининг ҳайдовчи ўриндиғи билан биргаликда ўриндиқлар сони 9 та деб нотўғри кўрсатилганлиги, аслида эса ҳайдовчи ўриндиғи билан биргаликда ўриндиқлар сони 7 та эканлиги аниқланди. Натижада салкам 371 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати
маълумотлари асосида Нурилло НАСРИЕВ тайёрлади.