Тожикистон нефть импорти ҳажмини оширмоқда
Тожикистонда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 фоизга ортган, бироқ бу рақам мамлакатнинг хориждан импорт қилаётган нефть маҳсулотлари ҳажми олдида жуда оз, дейди «Авесто» агентлиги.
Тожикистонда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 фоизга ортган, бироқ бу рақам мамлакатнинг хориждан импорт қилаётган нефть маҳсулотлари ҳажми олдида жуда оз, дейди «Авесто» агентлиги.
Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг маълумотида келтирилишича, шу йилнинг беш ойи мобайнида мамлакатда 9,6 минг тонна нефть ишлаб чиқарилган. Бу 2019 йилнинг шу даври билан солиштирганда 2,5 фоизга кўпдир.
Шунга қарамай, Тожикистон бу йил беш ойда жами 228,8 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотларини импорт қилган. Импортнинг ўсиши 10,8 фоизни ташкил этмоқда.
Тожикистонга нефть етказиб берувчи асосий мамлакат ҳамон Россия бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар ҳам Тожикистонга нефть сотади.
Жорий йилда Тожикистон нефть маҳсулотлари ва сиқилган газ сотиб олиш учун тахминан 590 миллион доллар сарфлашни мўлжалламоқда. Ҳисоб-китоб қилинишича, бу йил нефть маҳсулотлари импорти (сиқилган газдан ташқари) 570 минг тоннага етказилади ва бунинг учун 405,2 миллион доллар сарфланади.
Сиқилган газ импорти 408,5 минг тонна миқдорида бўлади ва унга 183,8 миллион доллар ишлатилади, дейилади хабарда.