Тожикистон мактабларида бугундан ўқиш бошланди
Қўшни Тожикистон болалари бугундан қадрдон мактабларига йўл олишди.
Қўшни Тожикистон болалари бугундан қадрдон мактабларига йўл олишди. Ўқувчилар дарс хонасида ниқоб тақиб ўтиришибди. Ҳар бир парта устига антисептик қўйилган. “Asia-Plus” нашри хабарига кўра, Тожикистонда янги ўқув йили шундай бошланди.
Ҳа, бизга ён қўшни ушбу давлатда навбатдаги ўқув йили одатдагидан икки ҳафта эрта – 17 августдан бошланди. Бу йил қонун-қоидалар ҳам ўзгачароқ: ўқувчилар учун дарс пайтида ниқоб тақиб ўтириш ва вақти-вақти билан антисептикдан фойдаланиш мажбурий. Йўлакларда, мактаб ҳовлисида ҳар қадамда оралиқ масофани сақлаш лозимлиги қайд этилган эслатмаларни учратасиз: болалар бир-биридан камида бир ярим метр узоқда бўлишлари шарт.
Тожикистонда мактаб ўқувчилари пандемия туфайли апрель ойида мажбурий таътилга чиқариб юборилган эди. Мамлакатдаги вазият барқарорлашгани муносабати билан, Таълим вазирлиги икки ҳафта олдинроқ навбатдаги ўқув йилини бошлашга қарор қилди.
Вазирлик мактабларда коронавирус билан боғлиқ барча профилактика чораларига риоя қилинишига ваъда берган.