Тожикистон делегацияси Наманганда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти Ашт ноҳияси ҳокими Шуҳрат Муҳаммадзода бошчилигидаги ҳоким ўринбосарлари ҳамда тадбиркорлардан ташкил топган делегация Наманганга ташриф буюрди.
Меҳмонларни Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов раҳбарлигидаги масъуллар кутиб олди.
Икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, давлатлараро иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Наманган тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил этилган ушбу ташриф доирасида меҳмонлар вилоятда кечаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари, саноат ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишади.
[gallery-16925]
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев делегация аъзоларига ҳамроҳлик қилиб, меҳмонларни “Баркамол авлод” кичик саноат зонаси фаолияти билан яқиндан таништирди.
Ушбу саноат зонасида “Balance tеx”, “Sifat yog‘och mebel” ҳамда “Master class dizay” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти билан танишган делегация аъзолари тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятларни юқори баҳолаб, ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирди.
Икки қардош халқ вакиллари саноат зонаси ҳудудига дўстлик рамзи сифатида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экди.
Делегация аъзолари ташрифнинг иккинчи кунида Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний ҳамда Биби Наима она қадамжосини зиёрат қилди.
Меҳмонларга ҳар икки зиёратгоҳ тарихи, сўнгги йилларда ушбу муқаддас қадамжоларда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари, зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Бу ернинг сўлим табиати, шифобахш булоқлари, айниқса, музейда сақланаётган ҳажм жиҳатдан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Қуръони Усмонийдан кейин иккинчи ўринда турувчи Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА