Тозаликни амалий ишлар белгилайди
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, овқатдан заҳарланиш ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, Пахтакор тумани санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари маҳаллалар ва бозорларда профилактик ишларни амалга ошириш орқали фуқароларни тозалик ҳамда соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилишга чақирмоқда.

Навбатдаги шундай тадбир тумандаги “Олтинкўл” маҳалласида ўтказилиб, фуқароларга гигиена маданиятини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ишлов беришда санитария талабларига риоя этиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, “Пахтакор деҳқон бозори” МЧЖ таркибидаги мол бозорида ҳам назорат тадбирлари ташкил этилди. Уй шароитида тайёрланган, сифат сертификатисиз ва санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйилди.

Дарҳақиқат, ўтказилган тадбирлар давомида айрим савдо нуқталарда гигиена қоидаларига амал қилинмаяпти. Гўшт маҳсулотларининг очиқ ҳавода, чанг ва ифлос муҳитда сақланаётгани, санитария жиҳозлари етишмаслиги ҳануз долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса аҳоли саломатлиги учун хавф туғдириши, санитария маданиятининг ҳали етарлича шаклланмаганини кўрсатади.

Соғлом муҳит яратиш фақат текширувлар ёки вақтинчалик тарғибот тадбирлари билан чекланмаслиги лозим. Бу жараёнда нафақат санитария хизмати, балки маҳалла фаоллари, бозор маъмурияти ва фуқароларнинг шахсий масъулияти муҳим аҳамият касб этади.
Шундай экан, тарғиботдан амалиётга ўтиш – бугунги кун талаби. Гигиена маданиятини ошириш, санитария талабларига қатъий амал қилиш ҳамда сифатсиз маҳсулотлар айланмасига чек қўйиш — жамоат саломатлигини асрашнинг энг асосий кафолатидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА