«Тоза шаҳар»: тозалик аслида масъулиятдан бошланади
Тоза муҳитни таъминлаш фақат чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш билан чекланмайди. Чин тозалик чиқинди пайдо бўлганидан кейин уни қаерга ташлашдан эмас, унинг миқдорини камайтириш, саралаш ва қайта фойдаланиш ҳақида ўйлашдан бошланади. Бу эса, аввало, инсоннинг кундалик одати ва экологик маданиятига боғлиқ.
Гулистон давлат педагогика институтида ўтказилган «Тоза шаҳар» ўқув кампаниясида ана шу масала марказга қўйилди. Тадбирда чиқиндиларни замонавий бошқариш, уларни турига қараб саралаш, қайта фойдаланиш ва қайта ишлаш билан бир қаторда, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларда масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳақида фикр алмашилди.
Профессор-ўқитувчилар, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ёшлар ҳамда фаол фуқаролар иштирок этган тадбир Ўзбекистон ННТ миллий ассоциацияси ва Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Лойиҳа доирасида «Тоза шаҳар» ўқув кампаниялари мамлакатнинг 14 ҳудудида ўтказилиб, бугунга қадар 42 та тадбир ташкил этилган. Уларнинг мақсади — аҳоли, ёшлар ва фуқаролик жамияти институтларининг чиқиндиларни бошқариш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, экологик маданиятни кундалик ҳаётга сингдириш.
Бунинг учун таълимга алоҳида урғу берилмоқда. Мактаб ўқувчилари ва техникум талабалари учун «Ноль чиқинди» тамойилларига асосланган, содда ва тушунарли ўқув материаллари ишлаб чиқилган. Уларни 10 225 та умумий таълим мактабида қўллаш режалаштирилган. Шунингдек, 10 минг нафар ёшни қамраб олиши кўзда тутилган «Ёшлар медиакампанияси» орқали викторина, видеоролик, тақдимот ва инфографикалар ёрдамида чиқиндиларни камайтириш, саралаш ва қайта фойдаланиш ғоялари тарғиб қилинади.

Умуман, лойиҳа доирасида қарийб 3 минг нафар аҳоли, 10 минг нафар ёш ва 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг экологик билимларини ошириш мақсад қилинган. Аммо экологик маданиятни фақат тадбирлар, ўқув машғулотлари ёки тарғибот материаллари орқали шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун инсоннинг кундалик одатлари ҳам ўзгариши керак. Масалан, харидда ортиқча қадоқдан воз кечиш, бир марталик буюмлар ўрнига қайта фойдаланиш мумкин бўлган воситаларни танлаш, чиқиндиларни аралаштириб ташламаслик каби оддий ҳаракатлар катта натижанинг бошланиши бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан Япониянинг Камикацу шаҳри тажрибаси эътиборга лойиқ. Бу ерда асосий ёндашув чиқиндини шунчаки йўқотиш эмас, унинг ҳосил бўлишини камайтириш, қолганини эса саралаш, қайта ишлаш ва қайта фойдаланишга йўналтиришдан иборат. Бу жараёнда аҳолининг ўзи фаол иштирок этади.

— Биласизми, Япониянинг Камикацу шаҳрида чиқиндини қандай йўқотишдан кўра, уни қандай камайтириш мумкин деган ёндашув устувор. Бу ҳақда эшитганмиз, ҳатто видеолавҳаларини ҳам кўрганмиз. Нега энди бизда ҳам шундай ёндашув бўлмаслиги керак? Камикацу тажрибаси чиқиндиларни бошқаришга фақат тозалик ёки санитария нуқтаи назаридан эмас, балки аҳолининг экологик маданияти ва кундалик муносабатини ўзгартириш нуқтаи назаридан ёндашиш зарурлигини кўрсатади. Бу ерда аҳолининг ўзи чиқиндиларни саралашда фаол иштирок этади, қайта ишлаш ва қайта фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алишер Ирисметов.
Аслида, чиқиндига муносабат инсоннинг экологик маданиятини кўрсатадиган оддий мезонлардан бири. Кимдир чиқиндини фақат олиб чиқиб кетилиши керак бўлган маиший юк сифатида қабул қилади. Яна кимдир унинг таркибида қайта ишлаш ёки қайта фойдаланиш мумкин бўлган ресурс борлигини англайди. Ана шу қарашдаги фарқ эса жамиятнинг экологик маданиятини белгилайди. Шунинг учун бу борада ёшлар билан ишлаш алоҳида аҳамиятга эга. Бугун шаклланган одат эртага оилада, маҳаллада, таълим муассасасида ва иш жойида давом этади. Чиқиндини саралаш, ортиқча истеъмолдан тийилиш, буюмларни қайта ишлатиш каби кўникмалар болаликдан сингдирилса, экологик масъулият ҳам табиий одатга айланади.

— «Тоза шаҳар» кампанияси доирасидаги бугунги тадбирда ҳам ана шу масалалар асосий мавзулардан бири бўлди. Муҳими, аҳоли, айниқса, ёшларда чиқиндиларга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш, уларни экологик ташаббусларга жалб этиш ва кундалик ҳаётда тўғри одатларни қарор топтиришдир. Экологик маданиятни бугун шакллантирсак, унинг натижаси эртага маҳалла, таълим муассасаси ва бутун жамият ҳаётида намоён бўлади, — дейди Алишер Ирисметов.
Зеро, тозалик фақат супуриб-сидириш ёки чиқиндини ўз вақтида олиб чиқиш билан ўлчанмайди. Унинг ҳақиқий мезони — ҳар бир инсон чиқинди ҳосил бўлишидан олдин уни камайтириш ва табиатга таъсирини ўйлай бошлаганида намоён бўлади.
Ғулом Примов,ЎзА мухбири