Товар нархи қандай туширилади?
Онлайн.
Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси савдоларида мижозлар номидан сотувчи ва харидор брокерлар иштирок этишини аввалроқ эслатиб ўтган эдик.
Бунда савдоларда иштирок этишни истаган мижозлар биржада аккредитациядан ўтиши керак. Агарда электрон рақамли имзога эга бўлганлар бўлса, масофадан туриб бу юмушни бажариш мумкин. Кейин эса брокерлик идораси билан шартнома тузилади. Брокер қатъий равишда ўз мижозининг талабига бўйсуниши лозим.
– Хоразм ва Ангрен шакар заводларига хизмат кўрсатаман, - дейди брокер Даврон Файзуллаев. – Эрталабки, савдода 150 тонна шакарни ҳар тоннасини 5 миллион 100 минг сўмга сотдик. Куннинг иккинчи қисмидаги савдоларга ҳам шунча миқдордаги маҳсулот қўйилган. Биздаги савдолар бошланғич нархнинг ўсиб боришига йўналтирилган ҳолда амалга оширилади. Савдо вақтида харидор брокерлар биз қўйган лотга қарши таклифлар билдиради. Бироқ, тизим сотиб олиш ва сотиш аризаларини жойлаштирган ҳолда автоматик тарзда ғолибни аниқлайди. Биринчи навбатда энг юқори нарх таклиф қилган харидорнинг аризаси жойлаштирилади.
Қайд этиш керакки, биржа савдоларида асосан 38 турдаги юқори ликвид ва монопол товарлар сотилади. Қурилиш материаллари, озиқ-овқат, нефть, қора ва рангли металлар, пахта толаси, минерал ўғитлар, чорва учун ем ва бошқалар шулар сирасидандир.
Соат 14.00да бошланган бугунги савдо сессиясида ҳам бир неча турдаги маҳсулотлар турлича миқдор ва бошланғич нархларда қўйилди. Мисол учун, 238 тонна кўмир қўйилган бўлиб, унинг бир тоннаси учун бошланғич нарх 332750 сўмни ташкил этмоқда. Савдога қўйилган 2269 тонна шрот учун бошланғич нарх 2410555 сўмни ташкил этмоқда.
Кун давомида ўтказилган иккита савдо сессиясида шаклланган кунлик нарх-наво яқин соатлар оралиғида эълон қилинади.
Сайтимизни кузатиб борсангиз, сизни қизиқтирган маҳсулотларнинг бугунги баҳосини билиб оласиз.