Тошкентда яна бир замонавий боғча иш бошлади
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 249-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирдан чиқарилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Д.Раҳимова, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи, Яккасарой тумани ҳокимининг ўринбосари О.Рихсибоев, соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Тадбир давомида сўз олганлар мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болалар учун замонавий, қулай ва хавфсиз таълим-тарбия муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мазкур таълим муассасаси ҳам замон талаблари асосида янгидан таъмирланганини алоҳида таъкидлади.

Капитал таъмирдан сўнг муассасада тарбияланувчиларнинг сифатли таълим олиши, мазмунли дам олиши ҳамда ҳар томонлама камол топиши учун барча зарур шароитлар яратилди. Ёруғ ва шинам гуруҳ хоналари, замонавий жиҳозлар ҳамда ободонлаштирилган ҳудуд болажонлар учун қулай муҳитни таъминлайди.
Тадбир якунида меҳмонлар янгиланган боғча биноси, унда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Г.Бобоева,
ЎзА