Тошкентда Россия университетлари таълим имкониятларини тақдим этмоқда
Бугун пойтахтимиздаги Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкентдаги филиалида Россия олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига бағишланган “Россия таълими. Тошкент - 2026” халқаро таълим кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Тадбир “Россотрудничество”нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикасидаги Россия Федерацияси элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Унда икки томоннинг соҳа мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Кўргазманинг расмий очилиш маросимида “Россотрудничество”нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская, Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиали директори Абдужаббор Абдувоҳидов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерхов ва бошқалар сўзга чиқиб, Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда кўргазманинг аҳамияти ҳақида таъкидлади.
“Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельскаянинг қайд этишича, тадбир Россияда таҳсил олишни режалаштираётган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим имконият ҳисобланади.
– Иштирокчилар икки кун давомида бир майдоннинг ўзида ўнлаб олий таълим муассасалари билан танишиш, улар таклиф этаётган таълим дастурларини солиштириш ҳамда университетлар вакилларидан бевосита маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади. Биз, албатта, тадбирнинг катта муваффақият билан ўтишини истаймиз.
Олтинчи бор ташкил этилаётган ушбу кўргазмада 40 дан ортиқ олий таълим муассасаси иштирок этяпти. Ўтган йили ташриф буюрган абитуриентлар сони қарийб 4 минг нафарни ташкил этган. Умид қиламизки, бу йил бу рақам янада ортади, чунки биз кенг ҳажмдаги тарғибот ишлари билан шуғулландик.
[gallery-31615]
Шунингдек, эртага ота-оналар учун учрашув ҳам ташкил этилади. Унда улар фарзандларининг Россия университетларига ўқишга кириши билан боғлиқ турли масалалар, жумладан, қайси шаҳарда ўқиши ва яшаши, миграция билан боғлиқ талаблар ҳамда ўзи билан нималарни олиб бориши кераклиги ҳақида маълумот олишлари мумкин.
Биз университет вакилларига абитуриентларга фақат ўз таълим дастурларини тақдим этибгина қолмасдан, уларни қизиқтирган саволларга ҳам очиқ ва батафсил жавоб беришни тавсия қилдик. Шунинг учун кўргазма доирасида барча қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконияти мавжуд, – деди И.Старосельская.
Кўргазманинг асосий йўналишларидан бири Россия олий таълим муассасаларига қабул тартиби ва грант асосида таҳсил олиш имкониятларига бағишланган. Хусусан, иштирокчилар Россия Федерацияси Ҳукумати квотаси доирасида бепул таълим олиш имкониятлари, ҳужжат топшириш тартиби ва қабул жараёни билан боғлиқ масалалар юзасидан зарур маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган.
Эслатиб ўтамиз, “Россия таълими. Тошкент - 2026” халқаро таълим кўргазма-ярмаркаси эртага ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА