Тошкентда радиацион хавфсизлик: тўққиз ойлик назорат натижалари
Пойтахтимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш ва радиациявий хавфларнинг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида бажарилган кенг кўламли радиологик назорат натижалари бунинг яққол тасдиғидир.
Радиациявий хавфсизлик ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришининг кафолати ҳисобланади. Шу боисдан ҳам пойтахт миқёсида радиоактив манбалардан фойдаланиш жараёнлари қатъий назорат остига олинган. Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида соҳа ходимлари томонидан 141 та объектда радиоактив моддалар ва бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиладиган корхона ва муассасаларда хавфсизлик талабларига риоя этилиши текширилди.
Шунингдек, бевосита ишчи ўринлари ва уларнинг атрофидаги нурланиш даражасини аниқлаш учун 3 942 та ўлчов бажарилди, пойтахтимизнинг жамоат жойларида табиий ва техноген гамма-фон кўрсаткичлари 12 минг 580 та нуқтада махсус асбоблар ёрдамида текшириб чиқилди. Лаборатория шароитида эса 13 минг 163 та намуна, жумладан 123 та қурилиш материаллари намуналари радионуклидлар мавжудлиги юзасидан чуқур таҳлил қилиниб, белгиланган талабларга мувофиқ 141 та санитария-эпидемиология хулосаси расмийлаштириб берилди.
Ўтказилган барча инструментал ўлчовлар ва лаборатория текширувларида радиация даражасининг белгиланган хавфсиз меъёрлардан ортиқлиги аниқланмади. Бундан ташқари, ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида бирорта ҳам радиацион авария ёки нохуш ҳодиса қайд этилмади. Бу мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг радиациявий хавфсизлигини кафолатлаш борасидаги давлат сиёсатининг амалий натижасидир.
Замонавий дунёда ишлаб чиқариш, тиббиёт ва илм-фанда радиоактив моддалар ҳамда нурланиш манбаларидан кенг фойдаланилади. Бу жараёнлар доимий равишда қатъий назоратда бўлишини талаб қилади. Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан олиб борилаётган бу каби профилактик ва назорат тадбирлари инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ҳамда пойтахтимизда хавфсиз ҳаёт муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА