Тошкентда ўймакор усталар беллашмоқда
Пойтахтимиздаги Абулқосим мадрасасида «Ёғочга битилган гўзаллик» номли ёғоч ўймакорлиги санъатига бағишланган кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилди.
Икки кунлик тадбир миллий амалий санъатимизнинг қадимий йўналишларидан бири бўлган ёғоч ўймакорлигини кенг тарғиб этиш, ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, моҳир усталар ижодини қўллаб-қувватлаш ҳамда устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга қаратилган.
Кўрик-танловда тажрибали ҳунармандлар белгиланган шартлар асосида ижодий ишлар яратиб, ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Кўргазмада миллий наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги мактабларига хос нақшлар, анъанавий ишлов бериш усуллари ҳамда нафис безаклар ўрин олган.
Тадбир дастуридан маҳорат дарслари ҳам жой олган. Уларда таниқли усталар Зийнатилла Алимбоев, Абдумажид Абдураҳмонов ва Ҳусан Ғаниев ёғоч ўймакорлигининг ўзига хос усулларини намойиш этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашиши кўзда тутилган.
Кўрик-танловнинг иккинчи кунида ҳунармандларнинг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланади. Ғолиб ва совриндорлар дипломлар, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
[gallery-32148]
Мазкур кўргазма ва кўрик-танлов миллий ҳунармандчилик меросини кенг тарғиб этиш, усталар ўртасида тажриба алмашиш ва ёшларнинг амалий санъатга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА