Тошкентда Кайкеб Алиеванинг бюсти очилди.
Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари доирасида пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият марказида Хизмат кўрсатган артист Кайкеб Алиева бюсти очилди.
Марказдан хабар беришларича, ушбу тантанали маросимда Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева, Бокудан келган бошқа меҳмонлар, Ўзбекистон адабиёти, маданияти ва санъати намояндалари, зиёлилар иштирок этди.

Дастлаб Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Кайкеб Алиеванинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тайёрланган видеофильм намойиш этилди.
Қайд этиш керак, ўтган йил вафотидан кейин ўзи раҳбарлик қилган "Озарбайжон қизлари" рақс ансамблига ушбу машҳур раққосанинг номи берилди.

Озарбайжон Маданият маркази раҳбари Самир Аббосов беназир санъаткорнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берди.
Кайкеб Алиева 1989 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Озарбайжон рақсларини тарғиб қилди. Унинг ташаббуси билан очилган, Марказ қошида фаолият олиб бораётган ансамбль юртимиз маданий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда. Устоз рақс тўгарагида юзлаб ўсмир-ёшларга санъати сирларини қунт билан ўргатган.

С. Аббосов, шунингдек, ўз сўзида К.Алиева ижодига Озарбайжонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам қизиқиш юқори экани, ўтган давр мобайнида санъаткор мамлакатимизнинг бир қатор юксак мукофотлари, жумладан, «Дўстлик» ордени, «Шуҳрат» медали билан тақдирланганини таъкидлади.
Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов халқимиз, эл-юрт орасида ўзига хос ҳурмат қозонган санъат намояндаси «Меҳржон» Васийлик кенгаши ҳамраиси сифатида республикамиздаги Меҳрибонлик уйлари ва мактаб-интернатларида уюштирилган тадбирларда фаол иштирок этгани, тез-тез ушбу муассасаларга ҳомийлик қилганини эслади.

Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси, депутат Ганира Пашаева Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқаларга алоҳида тўхталиб, Президент Илҳом Алиевнинг диёримизга ташрифи икки мамлакат ҳамкорлигида янги саҳифа очганини эътироф этди. 1997 йил ўша пайтдаги миллат етакчиси Ҳайдар Алиев Ўзбекистонга ташрифи чоғида Кайкеб Алиеванинг «Булбуллар» номли рақс ансамбли чиқишларини кўргач, жамоани Озарбайжонга гастроль сафарига таклиф қилганини ёдга олди.

Дарвоқе, Г.Пашаева айтиб ўтганидек, Озарбайжон ҳукумати ҳам таниқли раққосанинг меҳнатларини муносиб баҳолаган. Хусусан, 2010 йил у Президент Илҳом Алиев фармони билан Ўзбекистонда маданиятларимизни тарғиб қилиш йўлидаги фидойилиги учун Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Жорий йил бошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази ташаббуси билан Кайкеб Алиеванинг барельефи ўзи яшаган уй биносига ўрнатилган.
Ҳаяжонли дамларга бой кечган маросим сўнгида Кайкеб Алиеванинг бюсти устига ёпилган оқ мато ечилди. Эслатиб ўтамиз, ёдгорлик Марказ буюртмаси билан Ўзбекистон халқ артисти Мария Бородинова томонидан тайёрланган.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА