Тошкентда кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион маркази очилди
Тошкентда кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тошкентда кўз микрожарроҳлиги бўйича Марказий Осиёда ягона Ўқув симуляцион марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров, марказ ходимлари, соҳа мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.
Мазкур симуляцион ўқув маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги, DMC Инновацион клиникаси, Тошкент Тиббиёт Академияси ҳамкорликда халқаро стандартлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Марказ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган стартап лойиҳалар танлови натижаларига кўра молиялаштирилди.
– DMC инновацион клиникаси юқори технологик тиббий хизматларни кўрсата оладиган кўп тармоқли инновацион клиникалардан биридир – дейди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. Марказнинг асосий мақсади кўз касалликларини юқори технологик усулларни қўллаган ҳолда даволаш бўйича мутахассисларни тайёрлашдан иборат. Малака ошириш амалиётлари Германияда ишлаб чиқарилган Eyesi VRMAGIC симуляцион аппаратида амалга оширилади. Ҳақиқий клиник ҳолатга яқинлаштирилган Eyesi VRMAGIC тиббий симуляторларидан фойдаланиш орқали мутахассисларни тайёрлаш сифати ошади, жарроҳлик асоратлари камаяди, таълим олиш ва кўникмаларни мустаҳкамлашга кам вақт ва маблағ сарфланади. Махсус симуляторларда амалий тренинглар натижалари автоматик тарзда компьютерлаштирилган дастур орқали баҳоланади. Мазкур марказ Марказий Осиё мамлакатлари орасида ягона бўлганлиги сабабли нафақат республикамиз, балки қўшни давлатлар мутахассислари ҳам малака ошириш мақсадида мурожаат қилишмоқда.
Тадбирда таъкидланишича, мамлакатимизда энг кенг тарқалган кўз касалликларидан бири — катаракта. 2017 йилда шу касалликка учраган 40 000 та бемор даволанди, яъни мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг 24,5 фоизи қондирилди. Республика бўйича йилига 150 000 киши мазкур касаллик билан оғришини инобатга олсак, юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж қанчалик юқори эканлигини кўришимиз мумкин. Ушбу марказ кўз микрожарроҳлиги бўйича юқори технологик мураккаб операция усулларини замонавий шаклларда ўрганиш имкониятини беради.
Офтальмохирург шифокорларини тайёрлашнинг жаҳон стандарти бўлган Eyesi by VRmagic тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда инновацион ўқув-симуляция марказининг ташкил этилиши тиббиётнинг мазкур йўналишини ривожлантиришга катта туртки беради.
Марказда Катаракта факоэмульсификацияси бўйича биринчи синов гуруҳи мутахассислари 2019 йил 2 декабрдан 14 декабргача муваффақиятли тарзда малака оширишди ва махсус сертификатга эга бўлишди.