Тошкентда интернет нарко-дўконидан 10 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари аниқланди
Тошкент шаҳрида интернет орқали фаолият юритган нарко-дўкон фаолиятига чек қўйилди.
Тезкор тадбирлар давомида ушбу ноқонуний тармоқда администратор ва куратор сифатида фаолият юритган шахс қўлга олиниб, ундан қарийб 10 килограмм гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Республика ҳудудида ўтказилаётган “Қорадори-2026” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳрида интернет нарко-дўкон орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланган, 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 164 ва 278-моддалари билан судланган фуқаро қўлга олинди.
Унга тегишли автомашина ҳамда яшаш хонадони кўздан кечирилганда 9 килограмм 330 грамм гашиш ва 545 грамм метамфетамин сақланаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу турдаги жиноятларни содир этган шахсларга қонунчиликда 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА